Жаҳон | 13:00 / 03.01.2017
36683
2 дақиқада ўқилади

Туркия полицияси тунги клубдаги терактни содир этишда гумон қилинаётган эркакнинг селфисини намойиш қилди

Туркия полицияси Истанбул шаҳридаги тунги клубда рўй берган терактни содир этишда гумон қилинаётган шахс ўзини Таксим майдонида суратга олгани тасвирланган видеони намойиш қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари селфи қачон қилинганидан бехабарлар. Аввалроқ, турк полицияси тунги клубда отишма уюштирган эркакнинг шахсини аниқлашга яқин тургани хабар қилинганди.

Туркия бош вазири ўринбосари Нўмон Қуртулмушнинг сўзларига кўра, террорчининг бармоқ излари ва ташқи қиёфаси ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг унинг шахсини аниқлаш тезкорлик билан амалга оширилади, деб таъкидлаб ўтди Қуртулмуш.

Маълумот учун, Истанбулнинг Ўртакўча туманидаги тунги клубда янги йил кечаси теракт содир этилди. Видеокузатув камераларидаги ёзувларда қуролланган эркакда Санта-Клаус қалпоғи бўлганини кўриш мумкин. Шундан сўнг террорчи яширинган, уни қўлга олиш бўйича амалиёт давом этмоқда. Отишма туфайли 39 киши ҳалок бўлди, улардан 16 нафари – хорижликлар. 

Мавзуга оид