Kun.uz сайтида 2017 йилнинг 3 январь куни таниқли блогер ва журналист Санжар Саид томонидан ёзилган мақола эълон қилинган эди.
Унда журналист ўзи истиқомат қилаётган Жиззах вилояти мактабларида норасмий равишда "металлолом солиғи" жорий этилгани ҳақида сўз юритади.
Мақолада айтилишича, Арнасой туманида болаларга 30 килодан металлолом олиб келишни айтишган. Темир-терсаклар аллақачон тугагани сабабли ўрнига 18 минг сўмлик пул йиғишлар бошланган.
Журналист: “Таълим сифати ҳаминқадар бўлиб, фарзандларни замонавий воситалардан чалғитиб, ўқиш, таълим олишга жалб қилиш кундан кунга қийинлашиб бораётган бир пайтда металлолом, макулатура, обуна ва яна бошқа “солиқ”, мажбурий-ихтиёрий тўловлар билан болаларни мактабдан бездириш кимнинг хаёлига келган иш?”, деб ёзади.
Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига ушбу масала борасида расмий изоҳ сўраб мурожаат қилганди. Вазирликдан эса тегишли жавоб хати тезкорлик билан етиб келди.
Мактубда “айрим ахборот манбаларида Ўзбекистон ёшларини билим олиши ва меҳнат қилишига доир жараёнлар бўйича айрим асосланмаган маълумотларни пайдо бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда”, дейилади.
“Шу каби ахборотлардан бири, яъни «Наҳотки Ўзбекистон бюджети болаларнинг темир-терсагига қараб қолган бўлса?!» деб номланган мақола 2017 йил 3 январь куни «KUN.UZ» интернет сайтида чоп этилганлиги кузатилди”, дейилади хатда.
Ушбу мақолада келтирилган ҳолатларни ҳаққонийлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 5 январь куни Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигига йўлланган тезкор талаблари бўйича Халқ таълими вазирлигидан 2017 йил 9 январда 03-02/1-5-226-сонли хат орқали олинган маълумотга кўра, Жиззах вилояти ва Арнасой тумани халқ таълими муассасалари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан ўқувчиларга металлолом, макалатура тўплаш ва шунга ўхшаш масалаларда топшириқ (кўрсатма) берилмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Меҳнат вазирлигига йўллаган хатида “Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияларига мувофиқ вазирлик томонидан мактаб ўқувчиларини мажбурий ва оғир меҳнат турларига жалб этмаслик бўйича қатъий топшириқ берилган бўлиб, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фан ва спорт тўгараклари, мактабдан ташқари муассасалари доимий фаолияти ташкил этилган”, дейилади.














