Жаҳон | 10:07 / 16.01.2017
6170
2 дақиқада ўқилади

Цой Сун Силь Жанубий Корея президенти импичменти бўйича суд ишида гувоҳликка чақирилди

фото: AFP

Жанубий Кореяда авж олган коррупция можаросининг асосий айбланувчиси Цой Сун Силь Конституциявий суднинг 16 январдаги мажлисида гувоҳ сифатида қатнашди. Корея Конституциявий суди, мамлакат президенти Пак Кин Хега нисбатан республика парламенти томонидан қўлланилган импичментни муҳокама қилиш бўйича илк мажлисини ўтказган. Эслатиб ўтамиз, Цой Сун Силь президент Пак Кин Хе билан яқинлигидан шахсий ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланишда гумон қилинмоқда. 

Ёнхап агентлигига кўра, Цой Сун Силь судда кўрсатма берар экан, президентнинг Сеулдаги "Чхонвадэ" қароргоҳида ҳеч қачон бўлмагани ва президент Пак Кин Хе билан муносабатларидан ҳеч қачон шахсий мақсадларида фойдаланмагани ҳақида баёнот берган. Шу билан бирга, у Пак Кин Хедан, президент учун либослар харид қилиш мақсадида пул олганини тасдиқлаган. 

Мамлакат ОАВ Пак Кин Хе келишилган нархда либослар тиктириш учун Цой Сун Силга пул бергани ҳақида хабар қилган эди. 

Корея республикаси Конституциявий суди ёзгача парламентнинг президент Пак Кин Хега эълон қилган импичментини тасдиқлаши ёки Пак Кин Хенинг президентлик ваколатларини тиклаши керак. 

2016 йил 9 декабрида унга нисбатан ишончсизлик вотуми – импичмент акти қўлланилган эди. Президент Цой Сун Силнинг давлат ишларига аралашишига йўл қўйгани тахмин қилинади. У ўз маърузаларини таҳрирлаш учун дугонаси Цой Сун Силга юборган ва кадрлар тайинлашда маслаҳатлашган.

Мавзуга оид