Ўзбекистон | 12:27 / 25.01.2017
107132
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон мамлакатларидаги коррупция даражаси: Ўзбекистон қайси ўринда?

Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Transparency International дунёнинг турли мамлакатларидаги коррупция даражасини акс эттирувчи рейтингини эълон қилди

Қайд этилишича, рейтингда умуман баллга эга бўлмаган мамлакат коррупция домига тўлиқ шўнғиганини, 100 баллга эга мамлакатда коррупциянинг деярли йўқлигини англатади. Аммо, бу йилги рейтингда ҳам ҳеч бир давлат юқори баллни тўплай олмаган. 2016 йилги рейтингнинг ўртача кўрсаткичи 43 баллни ташкил этган, рўйхатдаги 176 мамлакатнинг 2/3 қисмидан кўпроғининг тўплаган балли 50дан пастлиги таъкидланади. Бу эса, ушбу мамлакатларнинг давлат секторида коррупция даражаси юқори эканидан далолатдир, дея қайд этишган рейтинг тузувчилари. 

2015 йил каби 2016 йил рейтингини ҳам 90 баллик кўрсаткич билан Дания бошқармоқда. Янги Зеландия шундай натижа билан биринчи ўринни баҳам кўрган. Учинчи ва тўртинчи ўринларда  Финляндия ва Швеция бўлса, кучли ўнликка, шунингдек, Швейцария, Норвегия, Сингапур, Нидерландия, Канада, Германия, Люксембург, Буюк Британия (сўнгги уч давлат 10-ўринда) кирган. 

Ташкилотга кўра, энг яхши кўрсаткичга эга бўлган мамлакатлар матбуот эркинлигининг юқори даражаси, бюджетга доир маълумотларнинг шаффофлиги, ҳокимият мулозимларини пул эвазига сотиб олиш имконсизлиги, бой ва камбағал одамларни фарқламайдиган ҳамда давлат тизимининг бошқа қисмларидан том маънода мустақил равишда фаолият юритувчи суд органлари билан ажралиб туради. 

Рўйхатнинг энг охирги ўнталигига (камайиб бориш тартибида) Ироқ, Венесуэла, Гвинея-Бисау, Афғонистон, Ливия, Судан, Яман, Сурия, КХДР (Шимолий Корея), Жанубий Судан ва Сомали кирган. 

Дунёнинг йирик давлати бўлган Россия 29 балл тўплаб, 131-ўринни эгаллаган. Украина, Қозоғистон, Эрон ва Непал Россия билан бир хил кўрсаткични намоён этган, дейилади Transparency International ҳисоботида. 

Ташкилот рейтингидан ўрин олган Ўзбекистон эса (21 балл) Камбожа, Конго Демократик Республикаси билан биргаликда 156-ўринни банд этиб турибди. Ўзбекистоннинг ўтган йилги бу борадаги кўрсаткичи 19 баллга тенг бўлган эди. Республиканинг Марказий Осиёдаги ёнқўшнилари бўлган Тожикистон 25 балл тўплаб 151-ўринни, Туркманистон 22 балл билан 154-ўринни банд этган. Қирғизистоннинг бу борадаги кўрсаткичи бирмунча юқори, у 28 балл билан 136-ўринга жойлашган. 

Ҳисоботда қайд этилишича, энг ёмон кўрсаткичлар, ушбу мамлакатларда давлат институтларининг ишончсизлиги ҳамда ОАВнинг етарли даражада мустақил эмаслигини исботлайди. Шу ўринда, таъкидлаш ўринлики, сўнгги вақтларда, Ўзбекистонда коррупцияга барҳам бериш бўйича чоралар кўрила бошланди. Шунга биноан, ташкилотнинг кейинги рейтингларида, Ўзбекистон ўз позициясини сезиларли яхшилаб олишига умид қиламиз. 

Шу билан бирга, Transparency International, умуман, дунё бўйлаб коррупция ҳолати ўсганини қайд этар экан, бунда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Франция президентлигига номзод Марин Ле Пен каби популист-сиёсатчиларни айблаган. 

Ташкилот фикрича, сиёсатчилар ўз чиқишларида «коррупциялашган элита» ва ўз фикрига эга бўлмаган ишчи синфлар ўртасини кескин ажратиб юборади. Аслида эса, амалда коррупцияга қарши кураш борасида ҳеч қандай чора кўрилмаётган бўлади. Transparency International ташкилоти, шунингдек, Дональд Трампнинг қатор коррупцияга қарши қонунларни бекор қилишни режалаштираётганини ҳам қайд этган. 

 

Мавзуга оид