National Geographic журнали ходими Дэниэл Рейвен-Эллисон яқиндигина Британия шаҳарлари ва хиёбонлари бўйлаб 2,5 миллион қадам узунлигидаги саёҳатини якунлади. У саёҳат давомида электрон қурилма ёрдамида ўз кайфиятидаги ўзгаришларни ўлчади. BBC шу ҳақида маълумот билан ўртоқлашди.

Дэниэл етти ой ичида 69 шаҳарни кезиб чиқди. Шу вақт давомида у бошида электроэнцефалограф билан юрган. Қурилма бошнинг турли жойларига мустаҳкамланган датчиклар орқали унинг мия фаоллигини қайд этган. 

Ўрнатилган дастур бу сигналларни таҳлил қилади ҳамда ҳаракатнинг ҳар бир босқичида стресс, хотиржамлик, диққатни жамлаш ва қизиқиш даражасини ҳисоблайди.

Дэниэлнинг сўзларига кўра, монитор унга атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхшироқ тушунишга ёрдам берган. 

"Сизни нима қизиқтирмоқда, нимага бефарқсиз, нима хавотирга солмоқда ёки, аксинча, тинчлантирмоқда - шуларнинг барчасини яхшироқ англаб етасиз. Ушбу маълумотлар шаҳарларни лойиҳалаштиришда фойда бериши мумкин". 

Албатта, бу усул мукаммалликдан йироқ ва қурилма кўрсатмалари бошқа омиллар таъсирида издан чиқиш эҳтимоли мавжуд. 

AFP
DANIEL RAVEN-ELLISON

Масалан, Кардиффда қурилма стресс ва диққатни жамлашнинг максимал даражасини қайд этган, лекин бу кўрсаткич ташқи омиллар таъсирида эмас, шунчаки ҳожатхонага кучли эҳтиёж сезиш натижасида қайд этилган. 

Тепаликларга кўтарилиш ҳам стрессга олиб келган, интенсив ҳаракат кузатилган йўлдан ўтишда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Бироқ қурилма ёқимли ҳаяжон билан ёқимсизини ажрата олмайди. 

"Шуниси қизиқки, қурилма шаҳарлар бўйлаб саёҳат вақтининг ярмида менинг диққатим бўлингани ва ўз ҳис-туйғуларимни англаб етмаганимни кўрсатди", - дея сўзлайди Дэниэл. 

Бироқ монитор сайёҳнинг стресс даражаси атроф-муҳит шароитига мувофиқ ўзгарганини аниқ қайд этган. 

DANIEL RAVEN-ELLISON

Унинг Кардифф орқали ўтиши яхши, яъни паркдаги паст стресс даражаси билан бошланди. Бироқ кейин у бир уюм чиқиндини кўриб қолган.