Жамият | 17:37 / 01.02.2017
5340
2 дақиқада ўқилади

Индонезия сохта янгиликларни тарқатишга қарши фатво бериши кутилмоқда

Фото: Reuters

Индонезия уламолар кенгаши яқин орада сохта янгиликларни тарқатишга қарши фатво беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар берди

"Биз имкон қадар тезроқ фатво берамиз, чунки вазият хавотирли, - дейди кенгаш раиси Маъруф Амин. - Умид қиламизки, ҳеч бўлмаганда мусулмонлар сохта хабарларни тарқатишмайди". 

Уламолар кенгаши мўътадил позиция тутган. Унинг қарорлари юридик жиҳатдан мажбурий ҳисобланмайди, бироқ қоидага кўра, бу маълум бир мусулмонлар томонидан буйруқ сифатида қабул қилинади. 

Фатвога мамлакат пойтахти Жакарта губернатори — Басуки Тжахажи Пурнами (христиан динига эътиқод қилади) атрофида юзага келган вазият сабаб бўлган. Мана уч ойдирки, унга қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Бунга губернаторнинг номаълум рақиблари томонидан тарқатилган видеоси сабаб бўлган - бир қарашда оддий видеога ёлғон айбловлар бўлган субтитрлар қўйилган. Халқнинг ғазабини қўзғаш учун шунинг ўзи етарли бўлди. 

Пурнаманинг икки рақиби оммавий норозиликлардан ўз мақсадларида фойдаланди: уларнинг иккиси ҳам мусулмон бўлиб, 15 февралда бўлиб ўтадиган губернаторлик сайловларида лавозим учун кураш олиб бормоқчи. 

Президент Жоко Видодонинг намойишларни тинчитишга бўлган уринишлари бесамар кетди. Давлат раҳбари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди, ҳукумат вакиллари эса муаммо ечимини топиш мақсадида ҳатто Facebook ходимлари билан ҳам учрашув ташкиллаштиришди.

Мавзуга оид