Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва Республика шахмат федерацияси раҳбарлари диққатига!

“Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида: “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари билан чегараланиб қолиш керак эмас. Иқтидорли ўсмир ва қизларни танлаб олиш ва тарбиялаш бўйича жиддий селекция ишларини амалга ошириш зарур”, деб айтган эди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга 2017 йил учун энг кам иш ҳақининг 1 баробари миқдорида ойлик стипендия белгилади. 2016 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида федерация мутасаддилари бу ҳақда эълон қилишди. Республика шахмат федерациясининг ушбу қарорини қутлаш керак, негаки бу иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш борасида навбатдаги қадам қўйилганидан, яъни уларни худди хорижда бўлгани сингари моддий рағбатлантириш амалиёти бошланганидан дарак беради. Аммо стипендия миқдори кам эмасмикан?..

Ушбу саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиш бошқа спорт турларига қараганда жуда қийин. Шунинг учун ҳам Италия, Япония, Жанубий Корея, Туркия сингари бир қатор ривожланган давлатлардан ҳали бирон ёш тоифасида бўлсин, жаҳон чемпиони етишиб чиқмаган. Катталар ўртасида-ку жаҳон шахмат тожини кийиш 130 йил мобайнида бор-йўғи 20 нафар шахматчига насиб этган, холос! Шукрки, болалар ва ўсмирлар ўртасида бизда Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Абдусатторов, катталар ўртасида эса Рустам Қосимжоновдек жаҳон чемпионлари бор! Биз бундан ғурурланишимиз, қадрлашимиз ва, айниқса, ёш чемпионларимиз шахматчи сифатида янада ўсиши, маҳоратини ошириши учун барча шароитларни яратиб беришимиз лозим.

Бугун жаҳон спортида катта-катта маблағ айланаётгани ҳаммага маълум. Спорт мамлакат нуфузини ошириш, шаънини улуғлаш, миллат ор-номусини, ғурурини ҳимоя қилишдан ташқари, йирик бизнес воситасига ҳам айланган. Миллионер теннисчи, боксчи, футболчи, гольфчи ва хоккейчилар ҳақида ҳаммамиз биламиз. Аммо шахматда вазият бироз бошқачароқ. Шахмат бизнес нуқтаи назаридан бошқа кўплаб спорт турларидан кўра жозибасизроқ. Шахмат орқасидан кўп-кўп пул топиш учун камида 2600 рейтинг балига эга ёки содда қилиб айтганда, ниҳоятда кучли шахматчи бўлиш лозим. Мана, Рустам Қосимжонов Германиянинг “OSG Баден-Баден” клубида бундеслигада иштирок этади ва табиийки, яхшигина ҳақ олади. Қолаверса, Европада шахмат инфратузилмаси ривожланган бўлиб, тижорат турнирлари, мўмайгина соврин жамғармасига эга турнирлар кўплаб ўтказилади. Клублар ўртасида мамлакат ва қитъа чемпионатлари йўлга қўйилган. Етук гроссмейстерлар бақувват фирма ва компаниялар билан ҳомийлик шартномалари тузган бўлиб, бу уларга қўшимча даромад олиб келади.