Жаҳон | 11:05 / 08.02.2017
19150
2 дақиқада ўқилади

Хитой Вашингтонга иккинчи жаҳон уруши тарихини эсга олишни маслаҳат берди

Фото: AP

Вашингтон Жануби-Хитой денгизидаги баҳсли ороллар ҳақидаги баёнотларидан сўнг Иккинчи жаҳон уруши тарихини ёдга олиши керак. Хитой ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ван И шундай баёнот билан чиқди, дейилади идора сайтида.

«1943 йилги Қоҳира декларацияси ва 1945 йилги Потсдам декларациясида Япония Иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра Хитойга аввал эгаллаб олинган ерларни, жумладан, Спратли (Наньша) архипелаги оролларини қайтариб беришга мажбурлиги белгилаб қўйилган», - дея таъкидлаб ўтди Хитой ТИВ раҳбари.

Ван Ининг эслатишича, 1946 йилда Пекин Америка томони кўмагида қонуний асосда Наньша архипелаги ороллари мустақиллигини қайтариб берган. Бироқ кейинчалик бир қанча давлатлар ноқонуний йўл билан бу оролларнинг маълум бир қисмини эгаллаб олди, бу эса Жануби-Хитой денгизида вазиятнинг кескинлашувига олиб келди.

Вазирнинг таъкидлашича, баҳсли ороллар масаласи бунга жалб этилган томонларнинг маслаҳатлашувлари ва мулоқоти ёрдамида ҳал этилиши лозим.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Америка Японияни ҳимоя қилиш бўйича ўзига олган мажбуриятни бажаришга тайёрлигини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, ушбу архипелаг “Япония юрисдикциясида бўлиб, у Вашингтон ҳамда Токио ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва хавфсизлик кафолатлари Келишувининг бешинчи моддаси таъсир доирасига тушади”.

Маълумот учун, Япония ва Хитой ўртасидаги ҳудудий баҳс нефть конлари топилган Сенкаку оролларига алоқадор. Бу ерни Япония назорат қилади, бироқ Хитой 60-йиллар охиридан бошлаб унга даъво қилади. 

Мавзуга оид