Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев билан учрашувда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. 

ЕТТБ вакилларига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди. 

Сума Чакрабарти Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тутган ўрни жуда муҳимлигини, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги саҳифаси очилганидан ғоят мамнун эканини алоҳида таъкидлади. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов билан учрашди. Унда Ўзбекистон ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди. 

С.Чакрабарти Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда, иқтисодиётнинг турли соҳаларига сармоя жалб этишда фаол иштирок этиш истагини билдирди. 

Ҳамкорликда металлургия, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инфратузилма, сармоя, саноат, транспорт ва транспорт коммуникациялари каби соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор лойиҳалар хусусида сўз юритилди. 

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми ва Ўзбекистон Республикаси билан ЕТТБ ўртасида Марказий Осиё учун экологияни қайта тиклаш бўйича амалий тадбир ўтказиш тўғрисида ҳадли битим имзоланди. 

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлигида ўтган учрашувда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожлаётгани, кейинги йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани таъкидланди. 

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан бажарилмоқда. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланаётир. Иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ҳар йили қарийб 10 фоиз ўсмоқда. 

ЕТТБ делегациясига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, унинг соҳа ва тармоқларини диверсификация қилиш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.