Бугун сайт мухбири Тошкент шаҳар ИИББ ва Юнусобод тумани ИИБ томонидан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ИИБ собиқ майори Афанасий Иванов хонадонига ташриф буюрди. Шу йили ўзининг 90 ёшини нишонловчи уруш фахрийсига президент томонидан ажратилган 2 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули топширилди.
Қайд этиб жоизки, Афанасий Данилович Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ва бутун фаолияти давомида пойтахтнинг бир нечта туманлари ИИБларида сидқидилдан хизмат қилган энг ёши улуғ фахрий ҳисобланади.

Бугунги учрашув давомида ИИБ ходимлари томонидан чиройли дастурхон тузалиб, ноз-неъматлар тортиқ қилинди. Кун.uz мухбири ҳам Афанасий Иванов хонадонига ташриф буюриб, уруш қаҳрамони билан суҳбат уюштирди.

- Ҳурматли Афанасий Данилович, авваламбор сизни яқинлашиб келаётган “Хотира ва қадрлаш куни” билан табриклаймиз. Армияда 7 йил хизмат қилгансиз, 2 йил урушда бўлгансиз. Шафқатсиз жанг майдонларида ўтган дамларни қандай хотирлайсиз?
- Энг навқирон 16 ёшимда армияга олиб кетишди. Ҳамон эсимда, жанг майдонида бир-бирини душман деб санаётган халқлар аёвсиз кураш олиб борар эди. Ҳар томонда ўқ овози. Биздан эса бор-йўғи бир нарса қатъий талаб қилинар эди – у ҳам бўлса йигитлик бурчини аъло даражада адо этиш. Дастлаб Чегара қўшинларида хизмат қилдим. Берилган барча топшириқларни зийраклик билан уддалашга ҳаракат қилар эдим. Мен Иккинчи жаҳон уруши якунга етгунга қадар душманга қарши курашиб, хизматимни адо этдим.

- ИИБ соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?
- 1950 йилда армиядан қайтдим. Йўлда менга ҳамроҳлик қилган ўзбек дўстларим ички ишлар идорасига ишга киришни тавсия қилишди. Шу тариқа мен шу касбда фаолият олиб бора бошладим. Кейинчалик Юридик факультетга ўқишга кирдим ва оила ҳам қурдим. Бу соҳа машаққатли эканини билсам ҳам танлаган касбимдан бир зумга ҳам афсусланмаганман. Айнан шу касбга садоқатим туфайли туғилиб ўсган юртим Сибирга қайтиб бормай, Ўзбекистонда қолдим.





















