Россия президенти Владимир Путин ва ГФР федерал канцлери Ангела Меркель биргаликдаги матбуот анжуманида Сочида ўтказилган музокаралар давомида тилга олинган асосий мавзулар ҳақида сўзлаб беришди.

Булар — иккитомонлама муносабатлар, терроризмга қарши курашиш, Яқин Шарқдаги вазият ва Минск келишувининг амалга оширилиши каби масалалардир.

Икки томонлама муносабатлар

Путин «маълум сиёсий қийинчиликлар ва глобал иқтисодий конъюнктуранинг табранишига қарамасдан» Германия ҳамон Россиянинг етакчи иқтисодий ҳамкорлигича қолаётганини таъкидлади.

«Россия Германия Федератив Республикаси билан ҳамкорликни ўзаро фойдали, ҳурмат, тенглик принципига асосланиб, ҳар икки томоннинг манфаатларини ҳисобга олган тартибга солишга ҳаракат қилмоқда», — деган Россия давлат раҳбари.

У мамлакатлар маҳсулот айланмаси ҳажми ошганига эътибор қаратган.

«Иккитомонлама савдо борасидаги ишлар ҳақида гапирилса, биз маҳсулот айланмаси ошганини чуқур қониқиш билан қайд этмоқдамиз: жорий йилнинг январь–февраль ойларида унинг ҳажми 43 фоизга ўсган. Қайд этишим керакки, ГФР Россия табиий газининг энг йирик харидори ҳисобланади, Россиядан узатилаётган газ немис бозорининг 35 фоизини эгаллаган», — деган Россия президенти.

Россия ва Германия ҳамкорлиги истиқболларига тўхталар экан, Путин «ҳамкорлик — оддий ҳавойи сўзлар эмас, унинг ортида бутун бир корхоналар ва юз минглаб инсонлар тақдири ётади, — деган. — Албатта, бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз жаҳон иқтисодиёти барқарорлашувига катта ҳисса қўшади».

Меркель ўз навбатида, Путин билан музокаралар «интенсив» руҳда ўтаётганини таъкидлаб, Россияни «конструктив ҳамкор», деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, Москва ва Берлин мавжуд муаммоларга қарамасдан, ҳар доим мулоқотда бўлиб туриши керак. 

«Биз бир-биримиз билан гаплашамиз, барибир бир-биримизни яхши тушунамиз, агар кўп йиллик тарихга назар ташланса, барибир доимо мулоқотда бўлиб туришимиз зарур эканлигини англаймиз, чунки ҳар бир сўзлашув, ҳар бир суҳбат нимагадир ўргатиши мумкин», — деган Меркель.

Украина инқирози

«Ҳозиргина тор таркибда ўтган учрашувда Украинадаги жиддий ташвиш келтириб чиқараётган вазиятни ҳам муҳокама қилдик. Биз Меркель хоним билан «норманд формати»нинг бошқа аъзолари билан доимий алоқадамиз», — деди Путин.