Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Республикамизнинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, доривор ўсимликлар хомашёсини етиштиришнинг ноёб шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий доривор воситалар бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори воситалари билан тўлдириш, уларни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш ва республикамиз аҳолиси даромадларини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини (кейинги ўринларда “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

2. Қуйидагилар “Нукус-фарм” ЭИЗ, “Зомин-фарм” ЭИЗ, “Косонсой-фарм” ЭИЗ, “Сирдарё-фарм” ЭИЗ, “Бойсун-фарм” ЭИЗ, “Бўстонлиқ-фарм” ЭИЗ ва “Паркент-фарм” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин: 

доривор ўсимликлар хомашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш; 

юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда белгиланган тартибда ташкил этилган плантацияларда етиштирилган доривор моддалар (субстанциялар) ҳамда доривор ўсимликлар хомашёси негизида ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;