Хабарингиз бор Кун.uz таҳририяти ижодий сафар билан Наманган вилоятида бўлди. Ушбу сафар давомида вилоят аҳолисидан келиб тушган кўп сонли мурожаатлар бориб ўрганилди. Ана шундай манзиллардан бири вилоятнинг Тўрақўрғон тумани, “Бахт” маҳалласи бўлди.

Гап шундаки, бу ерда истиқомат қилиб келаётган аҳоли 20 йилдан зиёд вақт мобайнида тоза ичимлик суви ичмайди. Хўш, масала нимада? Аҳолига юзланамиз.

“Ариғимизга сув келган куни байрам (эътибор беринг АРИҚ дейиляпти). 10-15 кунда бир сув келади. Узоғи билан икки-уч кун оқади. Шу вақт оралиғида фойдаланиб оламиз, идишларимизни тўлдирамиз”, дейди аёллардан бири.

“Бу ерга бир вақтлар тоза ичимлик суви учун қувурлар ўтказилган, аммо вақт ўтиб улар чириб, йўқ бўлиб кетган. Ҳар замонда бир, пастликда жойлашган уйларда сув чиқиб қолади, аммо унинг сифати жуда ёмон. Ўшани ҳам пуллашади”, дейди яна бир аҳоли вакили.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, маҳаллага 20 тонналик машинада тоза ичимлик суви олиб келинар экан ва одамлар уни сотиб олишаркан. Сув тугаса, ариқдан келаётган сувни истеъмол қилишаркан. Бир аёлнинг айтишича, у бу ерга кўчиб келганига 28 йил бўлибди. Ана шу вақтдан буён ариқдан фойдаланиб келади.

Маълумотларга кўра, илгари бу маҳалла ўрнида пахта майдони бўлган ва шу боис ариққа сув муттасил келиб турган. Аммо 5-6 йил илгари барча майдонлар тугатилиб, унинг ўрнига одамлар бошқа ишлар билан шуғулланиб кетишган ва ана ўшандан буён ариққа сув келиш вақти 10-15 кун бўлиб қолган.

Маҳалла аҳолиси ушбу масала юзасидан оқсоқолдан тортиб, то вилоят ҳокимига қадар мурожаат қилган, аммо натижа ўз ҳолатича қолиб кетган. Йўқ кечирасиз, қувурлар олиб келинган, лекин сув босими пастлиги учунми ёки бошқа сабабданми, тепароқда жойлашган уйларда сув чиқмайди. Қуйироқда жойлашган уйларга сув келади, у ҳам бўлса бир ҳафтада икки марта.

Шунча мурожаатлар қилинган, аммо бирор бир мутасадди ташкилот раҳбари келиб, бу масалага лоақал қизиқиб ҳам кўрмаган. Энг қизиғи, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг беш ойи ўтиб боряптики, бу одамлар дарди билан биров қизиқиб ҳам кўрмаяпти.