Ўзбекистон Республикаси президентининг «2017–2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги қарорига шарҳ берилди.

Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2013 йил 1 мартдаги Фармони ва «2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги 2015 йил 5 майдаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан:

  • энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги таркибида республика комиссиясининг ишчи органи сифатида энергия самарадорлигини ошириш бўлими ташкил этилди;
  • Тошкент шаҳрида Қуёш энергияси халқаро институти фаолият кўрсата бошлади;
  • Осиё тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг «йўл харитаси» ишлаб чиқилди;
  • Наманган вилоятининг Поп туманида Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги кўмагида 2014 йилнинг декабрь ойида қуввати 130 кВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилди ва ишга туширилди, ушбу станция ягона электр энергетикаси тармоғига уланган ва йилига 234,3 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга;
  • Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида йирик қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда;
  • Жаҳон банки иштирокида Ўзбекистон Республикасининг шамоллар Атласи ишлаб чиқилди, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 750 кВт бўлган тажрибавий шамол энергоқурилмасини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари якунловчи босқичига кирди.

2016 йил якунлари бўйича иқтисодиёт тармоқларида 2016/2017 йил куз-қиш мавсумида энергоресурсларни тежаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда, 1210,3 миллион кВт.соат электр энергияси ва 991,2 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди, бу эса тармоқларнинг 2016 йилдаги истеъмолининг мос равишда 5,1 ва 3,6 фоизини ташкил этади. Амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини 10,8 фоизга, 2016 йилда 7,2 фоизга ва 2017 йилнинг биринчи чорагида 12,7 фоизга қисқаришига эришилди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд.