2017 йил 1 июндан бошлаб GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларга янги нарх эълон қилингач, бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг фаоллиги кузатилди.
Масала юзасидан қуйида «Кун.uz» таҳририятига хатлар келмоқда.
Сайт почтасига жўнатган хатида Зафаржон Воҳидов шундай деб ёзади:
«Хатимда GM Uzbekistan автомобилларининг нархи ошгани муносабати билан ўз саволларим, фикр ва мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.
Чунки бу жуда муаммоли масала.
Хатимни эълон қилишларингизни сўрайман. Балким шунда ҳукуматга автомобиллар нархини тушириш борасида тавсия тақдим этиш эҳтимоли ҳам вужудга келар.
Бу ахир даҳшат-ку?! «Ўзавтосаноат» АЖ рулида кимлар ўтирибди?!
Мен gmuzbekistan.uz сайтига кириб автомобилларнинг янги нархлари билан танишиб чиқдим, таассуфки, миш-мишлар ҳақиқат бўлиб чиқди, нархлар ақл бовар қилмайдиган даражада оширилганига гувоҳ бўлдим.
Автомобилларга фақат сўмда нарх белгилаш ва GM Uzbekistan автомобиллари нархларини ошириш билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, шунингдек, бу вазиятнинг АҚШ долларининг «қора бозор»даги курсига боғлиқлигини ўрганиб, бу ҳол аҳолининг фойдасигами ё зарарига эканлигини тушунишга ҳаракат қилдим, яъни «бозор»да доллар курси энди тушадими ёки яна ўсишда давом этади?
Биз барчамиз ҳукумат ва «Ўзавтосаноат» АЖдан қуйидаги саволларга жавоб берилишини истар эдик:
1. Автомобиллар нархининг оширилишида қандай омиллар ҳисобга олинган (агар бирорта омил ҳисобга олинган бўлса)? Яъни, нега масалан, «Матиз» Мнинг 13 млн.358 минг 140 сўм (долларда 3472$) бўлган нархи 10.110 доллар ва сўмда 38 миллион 886 минг 547 сўм қилиб белгиланди. (Бу барча автомобиллар нархига боғлиқ савол. Ёки «Каптива» LTZнинг нархи 54.594 доллар, сўмда 209 миллион 987 минг 352 сўм? Бундай ҳолатларда аввало, масалан, биринчи навбатда фуқароларнинг ойлик маошлари оширилиши, ЯИМ кўтарилганлиги кўрсаткичлари, расман қайд этилган инфляция даражаси, хорижий валюталарнинг расмий курси кўтарилиши ва ҳ.к. каби, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий омиллари ҳисобга олиниши керак эмасмиди?
2. GM автомобилларининг нархи нега бунчалик баландга кўтарилди? Юқорида мисол қилинган «Матиз»нинг нархи долларда 3472 $ бўла туриб, 10.110 $ қилинса (2,9 мартага ошиш!) ёки сўмда 13 млн. 358 минг 140 сўм бўп турганида 38 млн. 886 минг 547 сўм (бу ерда ҳам 2,9 мартага ошиш) этиб белгиланса? Бу нархларни мақбул ва адолатли, деб аташ мумкинми?
















