Ягона интерактив давлат хизматлари портали Тошкент Ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда 2017 йил абитуриентларига онлайн тартибда ҳужжат топшириш имконини тақдим этади. Ҳозирча, бу хизмат фақат ушбу университет учун кўрсатилади, аммо келгусида тизимга мамлакатнинг барча олий ўқув юртлари қўшилади.
Биз «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш Маркази директори Шерзод Ҳабибуллаев ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Аъзамовга мурожаат қилиб, ушбу хизмат имкониятларига изоҳ беришни сўрадик.
- Шерзод Ҳабибуллахўжаевич, айтингчи, бу қанақа хизмат ва у нима учун керак?
Ш.Ҳ.: Онлайн тарзда ҳужжатларни топшириш – бутун дунёда нормал ҳолатдир. Бугунги кунда, бизнинг абитуриентлар турли йўналишлардаги хорижий ОЎЮларига енгиллик билан барча зарурий ҳужжатларни топширишмоқда. Бизнинг таълим тизими бу ҳақда бош қотирмаганда ғаройиб кўринарди, албатта. Бу хизмат турини кўрсатиш вақти аллақачон келганди, биз механизмни ишлаб чиқдик ва ўтган йили биринчи марта синовдан ўтказдик. Қатор камчиликларни кўргач, ишга туширмадик ҳамда мақсадли аудитория фидбекларини батафсил ўрганиш ва техник лаҳзаларни тузатишга қарор қилдик.
Хизмат, аслида, жуда осон – ҳужжатларни сканлаб, солиқ инспекциясининг исталган бўлимидан электрон рақамли имзони оласиз, сўнгра my2.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, шаклни тўлдирасиз. Бир неча ҳаракат билан шахсий маълумотларни киритиб, шахсингизни тасдиқлайсиз ва ҳужжатларни юклайсиз.
Ариза берувчи бир кун ичида ўзи тақдим этган e-mail манзилига унинг шахсий маълумотлари ва рўйхатдан ўтиш рақами киритилган мактубни олади.
- ОЎЮ ва уларнинг масофали ишлаш нуқтаиназаридан келиб чиқиб, ҳақиқатдан ҳам енгилликлар қамрови улкан, аммо бунда абитуриентлар учун қандай устунликлар бор?
Ш.Ҳ.: Маълумки, ҳужжатларни ОЎЮларига топшириш узоқ давом этадиган жараён. Шундай экан, у кўп вақтни ва маблағни талаб қилади: ҳужжатларни тўплаш, муҳр, навбат сафларида туриш, асаббузарлик.
Хўш, бунинг натижаси қандай бўлади? Абитуриентлар имтиҳонларга тайёрланиш ўрнига ўқув юртларига келиши ва кишини толиқтирадиган кутишда вақтини ўтказиши керак. Масалан, 086 шаклдаги тиббий маълумотномани олиш ва ҳарбий хизматдан вақтинча четлаштирилганига доир маълумотнома олиш (ёки туман мудофаа бошқармасида ҳисобда туришлиги ҳақида) учун абитуриентлар деярли тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишлари талаб этилади. Бу сафар ҳам хонама-хона юриш, навбат кутиш, асаббузарлик ва баъзан коррупция ҳолатларига дуч келишади.















