Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги штаб квартираси вакиллари Ўзбекистонга ташриф доирасида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида бўлишди ва холдинг компания фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ҳақда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги 2002 йил 20 сентябрда имзоланган “Техникавий ва молиявий ҳамкорлик ҳамда гуманитар ёрдам тўғрисида”ги Ҳукуматлараро битимга мувофиқ Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда, Агентлик томонидан сув ресурсларини мукаммал бошқариш, қишлоқ жойларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария шароитларини яхшилаш, сув хўжалиги мутахассисларини касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда санъат ва маданият соҳаларида амалга оширилаётган бир қатор лойиҳаларга беғараз молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Швейцариянинг Ўзбекистонда амалга оширган лойиҳаларининг умумий қиймати тахминан 12 000 000 АҚШ долларни ташкил қилади. Агентлик вакиллари 2016 йил октябрь ойида бошланган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига ташриф буюришди. Агентликнинг Евроосиё департаменти бошлиғи жаноб Кладио Тонйола ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги 1961 йилда ташкил этилган, штаб-квартираси мамлакат пойтахти Берн шаҳрида жойлашган. Бизнинг Агентлик нафақат Шарқий Европа, балки мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудидаги мамлакатлар билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлайди. Агентликнинг Евроосиё департаменти Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳамкорлик бўйича алоқаларни йўлга қўйган. Жумладан, агентлигимиз минтақадаги жуда муҳим мамлакат саналмиш Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа иш олиб бормоқда.

Жаноб Кладио Тонйола “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси фаолияти ва унинг Мониторинг маркази билан ҳам танишди ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Лойиҳа доирасида Сув хўжалиги ташкилотларини институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда, жумладан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги бош бошқармаси қошида Ахборот-ресурс марказини яратиш режалаштирилган. “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимида фаолият кўрсатаётган Мониторинг марказлари сув истеъмолчилари уюшмаларини ривожлантириш ва фермер хўжаликлари даражасида сувдан оқилона фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун фойдали бўлиши мумкин. Шу боис, лойиҳа томонидан туман Мониторинг марказларини Ахборот-ресурс марказининг мувофиқлаштириш нуқталари сифатида ҳамда узвий алоқа механизми сифатида жалб қилиш режалаштирилмоқда.