Самарқанд шаҳри ҳокими Воҳид Раҳимов журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳардаги йўлларнинг келажакдаги кўринишлари ва шаҳарда барпо этилиши режалаштирилаётган кўприк ҳамда йўл ўтказгичлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Режалаштирилаётган йўл қурилиш ишлари ва реконструкция қилиш ва кўчаларни кенгайтириш — барчаси шаҳарда транспорт юкламасини тартибга солиш учун амалга оширилаётганини шаҳар ҳокими алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шаҳардаги шартли равишда Г-34 деб аталувчи кўча қурилишининг 3-босқичига доир, уни Садриддин Айний кўчаси билан туташтирувчи 920 метр узунликдаги йўл қурилиши давом эттирилиши президентнинг вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларидан бири эди, деди шаҳар ҳокими.

Мазкур қурилиш ва ободончилик ишлари юзасидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, 920 метр узунликдаги йўл қурилишини давом эттириш учун ҳозирги кунда Садриддин Айний кўчасигача қадар оралиқда яшайдиган аҳоли уй-жойларида муҳандислик-дала қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу йўл бўйича «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ ҳамда унинг Самарқанд филиалига лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун мурожаат этилган.

Ушбу йўналишда 43 та турар-жой бузилади, улардан 23 таси тўлиқ ва 20 таси қисман. Уй жойлари бузилаётган фуқароларга 6 миллиард сўм компенсация берилмоқда. Уй эгаларининг халқ банкида очилган ҳисоб рақамига маблағлар ўтказиб берилмоқда, деди шаҳар ҳокими.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг бир қатор кўчаларида кейинги йилларда йўл қурилиш-таъмирлаш уишларини амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилган эди, деди шаҳар ҳокими.

Жумладан,

- Сиёб бозоридан Рўдакий кўчаси орқали Беруний кўчасигача 5 км йўлни капитал таъмирлаш;

- Беруний ва Ибн Холдун кўчаси орқали турар жой ва турар жой бўлмаган биноларни кўчириш орқали 4Р-46 автомобиль йўлигача 1 км янги йўл қуриш,

- Даҳбед кўчасидан М37 автомобиль йўлининг Самарқанд туманидаги ҳудудигача Тошкент шаҳридаги Нурафшон кўчаси намунасида реконструкция қилиш,

- Шоҳи Зинда кўчасидан Ҳужум кўчаси орқали Ал-Мотурудий мажмуасигача кенг йўл қуриш белгиланган.

Шу кунгача мазкур лойиҳалар асосида Сиёб бозоридан Рўдакий кўчаси орқали Беруний кўчасигача 5 км йўлни капитал таъмирлаш, Беруний кўчасидан Ибн Холдун кўчаси орқали 4Р-46 йўлигача янги йўл қуриш бўйича тегишли қарорлар чиқарилди. Ишчи гуруҳлари томонидан янги йўл қурилиши ҳудудига тушган ва бузилиши лозим бўлган 52 та турар ва нотурар жой объекти хатловдан ўтказилди, деди шаҳар ҳокими В.Раҳимов.