Тошкент вилоят жиноий ишлар судида Ўзбекистоннинг илк “молиявий эҳроми”га асос солган Аҳмаджон Турсунбоев устидан очиқ суд мажлиси бошланди. Буни вилоят суди вакили Кун.uz’га тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, очиқ шаклда ташкил этилган судга жиноий ишлар бўйича судья Дилшод Комилов раислик қилмоқда. Вилоят суди ходимининг айтишича, 2 август куни суд ўз ишини давом эттирган. Биринчи мажлис ўтган ҳафтада бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июнь куни ЎзМТРК «Тошкент» телеканалида Ўзбекистон ҳудудида молия пирамидаси ташкил этган, халқ орасида "Аҳмадбой" дея ном қозонган, ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланиб келган Аҳмаджон Турсунбоевнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида қисқа махсус репортаж намойиш этилди.
Унда Турсунбоев — Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси экани айтилиб, у ва ходимлари аҳолидан ҳеч қандай кафолат бермаган ҳолда энг камида 100 фоизлик йиллик устама билан қайтариш шарти билан миллий ва хорижий валютада пулларни қабул қилиб олган. Яъни, томонлар бирор кор-ҳол содир бўлган тақдирда пул топшираётганларнинг яқинлари уларни қайтаришни талаб қилмаслигига келишган. Қўшимча равишда, Турсунбоев ойига 40 фоизлик устама билан хорижий валютада қарзга пул бериш билан ҳам шуғулланган.
Бу каби амалиётларда иштирок этганлар сони бир неча ўн минг кишини ташкил этган.
Турсунбоевнинг ҳисобчиси интервьюда кунлик айланма 1 млн долларни ташкил қилгани ҳақида гапириб, аввал пул топширганларга кейин топширилган пуллар ҳисобидан фоизлар тўлаб борилганини билдирган эди.
Аҳолидан нақд пуллардан ташқари автомобиллар, қимматбаҳо буюмлар ҳар ойда фоизлар тўлаб бориш шарти билан қабул қилинган. Бу жараён ҳеч қандай расмийлаштиришларсиз олиб борилган ва фақат оддий дафтарга кимдан нима олингани ёзиб қўйилган.
Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисмига чет элдан турли товарлар ва қимматбаҳо буюмлар олиб келиниб, тадбиркорларга устама фоиз эвазига тарқатилган. Аҳмадбойнинг ҳашаматли уйидаги гаражда жойлашган қимматбаҳо автомобиллар: Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо русумли транспорт воситалари ҳам намойиш этилган эди.
Шунингдек, аҳолидан 1 йилда 2та қилиб қайтариш эвазига қорамоллар ҳам қабул қилингани, улар учун фермалар ташкил этилгани маълум қилинганди. Ходимлардан бири шу мақсадда 5-6 та ферма қурилгани, уларнинг ҳар бири 5-6 минг туёқ қорамол учун мўлжаллангани ҳақида сўз юритган.










