Жаҳон | 07:45 / 04.08.2017
35460
2 дақиқада ўқилади

“Аср фалокати” билан тугашига бир бахя қолган самолёт қўниши сурати чоп этилди

Сан-Франциско аэропортида бортида йўловчилар бўлган 4 та самолёт билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолган вақтда суратга олинган Air Canada самолётининг аэропортга қўнишга уриниши сурати Associated Press ахборот агентилиги томондан чоп этилди.

Суратда Airbus A320 самолёти бошқа самолётлар устидан бир неча метргина баландликда учиб ўтаётганини кўриш мумкин. Ахборот агентилигининг маълум қилишича, тергов Air Canada бу лаҳзада ер устидан бор-йўғи 18 метр баландликда учиб ўтганини аниқлаган.

7 июлда Air Canada’нинг Торонтодан келаётган AC759 рақамли самолёти учиш-қўниш полосасини руллаш йўлакчаси деб қабул қилгани маълум бўлганди. Бу пайтда йўлакчада 4 та самолёт бўлган. Агар диспетчер самолёт экипажини хато ҳақида ўз вақтида огоҳлантирмаганда, Airbus бортида йўловчилар бўлган ва ёқилғи билан тўлдирилган 4 та самолёт билан тўқнашиб кетган бўларди. ОАВнинг баҳолашича, бу ҳолат тарихдаги энг йирик авиафалокат билан тугаши мумкин эди.

Воқеадан бир ҳафта ўтгач, интернетда Airbus 320 учувчиларининг диспетчерлар билан суҳбати ёзуви пайдо бўлган. Унга кўра, учувчи учиш-қўниш полосасидаги «қандайдир чироқлар” ҳақида маълум қилган. Бу “чироқлар” эса аслида руллаш йўлакчасидаги самолётлар бўлган. Диспетчер эса учувчини полоса бўшлигига, унда ҳеч қандай чироқлар йўқлигига ишонтирган. Бир неча сониядан кейин вазиятга бошқа бир одам, эҳтимол бошқа самолёт экипажи аъзоси аралашган: “Бу йигит қаерга учмоқда? У руллаш йўлакчаси устида-ку”. Шундан кейингина диспетчер Канада самолёти учувчисига қўнишни бажармасликка буйруқ берган ва фалокатдан қутулиб қолишга муваффақ бўлинган. 

Мавзуга оид