Фан-техника | 09:06 / 26.08.2017
5983
1 дақиқада ўқилади

App Store’дан Эронда яратилган дастурлар ўчириб ташланди

Эрондаги энг йирик электрон тижорат сайти Digikala вакили Apple компанияси App Store дастурлар онлайн-дўконидан эронлик дастурчиларнинг барча мобил дастурларини ўчириб ташлаганини маълум қилди.   

Digikala вакилининг айтишича, дастурлар 10 кун аввал ишлашдан тўхтаган. Унинг таъкидлашича, бу АҚШнинг Эронга қарши янги санкциялари билан боғланган.

Шу сабабли Эрон алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Муҳаммад Жавод Озори Жаҳромий Apple эронлик мижозларини ҳурмат қилиши кераклигини айтган.

“Apple Эрон уяли алоқа бозорининг 11 фоиз улушига эга. Истеъмолчилар ҳуқуқларига ҳурмат Apple риоя қилмаган тамойилдир. Дастурлар ўчирилгани сабабли биз ҳуқуқий чоралар кўрамиз”, деб айтган вазир. 

Кўплаб эронликлар АҚШ компаниясининг ушбу ҳаракатларини қоралаб, ижтимоий тармоқларда #StopRemovingIranianApps (“Эрон дастурларини ўчиришни бас қилинг”) хэштегини ишга туширишган.

Apple’нинг ўзида бу ҳолатга ҳозирча изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид