Жаҳон | 08:06 / 21.09.2017
7134
2 дақиқада ўқилади

Испания бош вазири: Каталония “амалга ошмайдиган орзудан” воз кечиши керак

Фото: AFP

Каталонияда мустақиллик бўйича референдумнинг ўтказилиши имконсиз, мухтор вилоят ҳукумати бу “амалга ошмайдиган орзудан” воз кечиши керак, дея маълум қилди Испания бош вазири Мариано Рахой.

"Демократик давлатларда барча билан, бутун жамиятга қулоқ тутган ҳолда қарор қабул қилиш учунгина овоз беришади. Ўртага тикилган нарса – бу сиёсий талаб эмас, балки демократия пойдеворидир. Ҳуқуқий давлат фаолият кўрсатган ва бу давом этади", - дея маълум қилган бош вазир фуқароларга мурожаатида.

У женералитет (Каталония ҳукумати) аъзоларини 1 октябрь куни овоз бериш режаларидан воз кечишга чақирди. "Улар бу референдумни ўтказиш имконсиз эканини билишади. У ҳеч қачон қонуний бўлмаган. Улар қонун ва демократия доирасига қайтишлари керак", - деди Рахой.

Бош вазир каталонияликларнинг аксарияти манфаатига қулоқ тутиш ҳамда “бош эгмасликдан воз кечишга” чақирди. "Демократия ва қонунга нисбатан бундай доимий чақириқ ҳеч кимга фойда келтирмайди", - дея қўшимча қилди Рахой.

Унинг эслатишича, 1 октябрь кунги овоз бериш халқаро қўллаб-қувватловга эга эмас. "Янада кўпроқ муаммо келтириб чиқарманг, каталонияликларга тинч яшашга имкон беринг. Ноқонуний лойиҳада келажак йўқ, у ҳеч қандай халқаро қўллаб-қувватловга эга эмас", - деган Испания бош вазири.

Эслатиб ўтамиз, Каталония ҳукумати 1 октябрь куни мустақиллик бўйича референдум ўтказиш ниятида, у Испания ҳукумати томонидан тан олинмаяпти. Испания Конституциявий суди овоз бериш бўйича барча ҳужжатлар ҳаракатини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган. 

Мавзуга оид