Ислом Каримов оиласи: Президент ўзи сўз очмаган мавзу
Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни жуда улкан. Ўтиш даврининг қийинчиликлари, ўзлигини топаётган давлат мафкурасини яратиш, тинчлигини сақлаш ва миллатлараро тотувликни таъминлаш каби муҳим вазифалар бу инсоннинг елкасига юк бўлиб тушгани, умрининг охирига қадар бу ишларни шараф билан уддалаб ўтганини тан олишимиз керак.
Аммо ота тириклигида сир сақланган ёки кўз юмиб турилган «сир»лар шитоб билан очила бошладики, юртимизнинг аксарият фуқароси бу янгиликлардан ҳайратда қолмоқда. Келинг, кўрган-билганларимиз асосида Ислом Каримовнинг ворислари бўлган фарзандларининг бугунги ҳаётига назар ташлаймиз.
Лола Каримова
Аввало, энг оғир кунларда, бутун халқ мотамга чўмган дамларда отасини сўнгги йўлга кузатган, онасига суянчиқ бўлган Лола Каримова-Тиллаевадан бошласак. Унга ҳар жиҳатдан оғир масъулият тушганди. Чунки фарзандларнинг расмий ва норасмий етакчиси бўлган Гулнора Каримова бу пайтда катта саҳнадан четлашган, ўғил фарзанд бўлган (ва кейинчалик расман эълон қилинган) Пётр Каримовнинг шу пайтга қадар ҳам бирор жойда бўй кўрсатмагани боис бундай муҳим паллада майдонга чиқишига ҳам ишониш қийин эди.
Шундай экан, мотам маросимларида ва кейинчалик ҳам отасини тамсил этиш ва оила номидан иш юритиш масаласи фарзандлар ичидан фақат Лола Исломовнага юкланиб қолди. Бу жараён кейинчалик ҳам давом этди ҳамда Ислом Каримов фондини ишга тушириш, музейларини яратиш, умуман биринчи президент хотирасини абадийлаштириш бўйича Лола Каримова-Тиллаева кўп ишларни амалга оширди ва оширмоқда. Унинг охирги янгилиги, ижтимоий тармоқларда ўзи қолдирган хабари кўпчилигимизни ҳайрон қолдиргани, диққатимизни жалб қилгани ҳам рост. Унда Лола Исломовна АҚШни, хусусан Нью-Йоркни мақтаркан, сўз эркинлигини ҳис қилганини ҳамда фарзандлари ҳам шу неъматдан баҳра олиб улғайишини исташини таъкидлаб ўтган. Албатта, сўз эркинлиги демократик жамият қуришда, давлат тараққиётида муҳим роль ўйнайди.
Пётр Каримов
Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов ҳақида расман эълон қилингани ҳақидаги хабар ҳам яшиндек чақнади. Албатта, Биринчи президентимизнинг ўғли борлиги ҳам айримлар учун янгилик эмасди. Шунчаки, президент ҳаётлигида бу масала умуман кўтарилмаган ва ёпиқ мавзулар қаторида эди. Бунга иккита сабабни кўриш мумкин: биринчидан, президент ўзи сўз очмаган мавзуни муҳокама қилиш одатларимизга зид бўлса, иккинчидан, шарқона одобимизга кўра бошқа оилани, айниқса давлат раҳбарининг шахсий ҳаётини аниқ маълумотга эга бўлмасдан туриб мунозарага қўйиш тўғри келмасди.
Аммо Пётр Каримов ҳақидаги узуқ-юлуқ хабарлар болалаб турарди. Хусусан, унинг вақти-вақти билан отасининг ҳурмати учун яхшигина имтиёзлар асосида пойтахт шифохоналарида даволаниб тургани, иқтисод соҳасидаги фаолияти ҳақида эшитганмиз. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда унинг кейинчалик отаси қабрини зиёрат қилиб кетгани тўғрисида ҳам ёзилди. Албатта, бу хабарларни аниқ асосга эга деб бўлмайди. Чунки ёпиқ мавзу бўлгани боис тасдиқлаш қийин, аммо энди очилган экан, асосли янгиликлардан ҳам бохабар бўлиб қолсак ажаб эмас.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак: Ислом Каримовнинг ўғли борлиги тўғрисидаги хабарни оламшумул янгилик сифатида қабул қилиш, бундан салбий жиҳатларни излаш, унинг ниманидир сир сақлаганини нотўғри талқин қилиш асло дуруст эмас.
Аввало, бу Биринчи президентимизнинг шахсий ҳаёти. Оила нимадир сабабларга кўра ажралиши мумкин. Ўғли билан узилишиб кетган, деган гапларга ҳам ишонишга асосимиз йўқ. Чунки марҳум президентимиз нафақат олдинги оиласи, балки қизлари тўғрисида ҳам кўп гапирмаган. У инсоннинг омма олдидаги ҳамма чиқишлари фақат давлат, халқ тўғрисида бўлганини, шахсий масалаларни умуман тилга олмаганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Учинчи ва асосий нуқтага етиб келдик. Гулнора Каримова...
Бу исм-шариф давлат ижтимоий ҳаётида шунчалик кўп ишлатилгани боис кўпчилигимиз уни қисқагина қилиб «Опа» дейишга ўрганиб қолгандик. Келинг, бугунги мақолада ҳам шу қисқартмадан озроқ фойдаланиб турайлик.
Опанинг бизнес, хайрия, маданият ва санъат каби соҳалардаги лойиҳалари кўлами жуда кенг эди ва ҳатто бутун республикани қамраб олганди, десак адашмаймиз. Бу лойиҳаларда пойтахтнинг ва ҳудудларнинг энг кўзга кўринган инсонлари иштирок этишар, ҳар бирига алоҳида тайёргарлик кўриларди. Баъзан бундай тадбирлар акс-садоси сарҳадларимиздан ошиб, хорижда ҳам янграр, дунёнинг манаман деган машҳурлари ҳам Гугушага ўз хайрихоҳликларини намоён этардилар. Йиллар давомида опамиз диққат марказида бўлди ва бир кунда, бир онда йўқолиб қолди. Бундай кескин бурилишга, ҳаммасига бир лаҳзада нуқта қўйишга фақат бир инсон қодир эди. Ислом Каримов принципидан воз кечмади, қатъияти йўлида қизини ҳам аямади. Яхшики у бу ишларни ҳаётлигида амалга оширишга улгурди. Акс ҳолда, Гулнора Каримованинг миллиардлари масаласи биринчи президент вафот этганидан кейин кўтарилса ва опа шундан сўнг ҳибс этилса, раҳбарият алмашинувидан кейингина бунга қўл урилгани учун маломат қилгувчилар истаганча топиларди. Энди ҳаммаси из-изига тушиши, адолат қарор топиши керак. Масаланинг муҳим жиҳати, балки биринчи президентимизнинг ўзи Гулнора Каримовага нисбатан бу қарорга келмаганида, ҳозир жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилмаслиги ҳам мумкин эди. Чунки, Ислом Каримов фаолиятини эътироф этиш, хотирасини абадийлаштириш жараёни кетаётган бир пайтда бу ақлга сиғмасди.
Нима бўлганда ҳам Гулнора Каримова бугун қонун олдида жавоб бериши шарт ва шундай бўлмоқда ҳам.
Биринчи президентимизнинг барча фарзандлари ўз ҳаёт йўлига эга. Уларнинг қайси биридир қилган ножўя ҳаракатлари билан оталарининг халқимиз онгида чуқур ўрнашган нуфузига акс таъсир кўрсата олмайди. Аксинча, уларнинг ҳар учаласи эзгу мақсадлари ва саъй-ҳаракатлари ила нафақат ўзларининг, балки бутун миллатнинг отасига айланиб улгурган инсоннинг номи учун наф келтиришлари мумкин. Бунинг учун ҳали имкониятлар кўп.
Аброр Зоҳидов.
Маълумот учун, Гулнора Каримованинг Ислом исмли ўғли ва Имон исмли қизи, Лола Каримова-Тиллаеванинг эса Марям ва Сафия исмли қизлари ва Умар исмли ўғли бор. Шунингдек, Пётр Каримовнинг бир нафар фарзанди бор.
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024