Урганч ва Хива оралиғида янги темир йўл линияси қурилмоқда
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 27 январь куни Хоразм вилоятига ташриф буюрган чоғида темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди қатновини йўлга қўйилишини таъкидлаган эди. Шунга биноан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари ва қурувчилари томонидан Урганч ва Хива шаҳарлари оралиғида янги темир йўл линиясини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Лойиҳага кўра, 31,7 км янги темир йўллар ётқизиш, Хивада миллий услубни ўзида жамлаган замонавий темир йўл вокзалини қуриш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда тупроқ ва ер ишлари деярли якунланди. Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси жамоаси томонидан 743 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Бугунги кунга келиб, жами 93 та сунъий иншоотдан 63 таси қуриб битказилди. Лойиҳадан ўрин олган битта йўл ўтказгични барпо этишда акциядорлик жамиятининг кўприксозлари тажрибасидан фойдаланилди. Бунёдкорлик жараёнига 200 нафардан ортиқ ишчи-муҳандис, 100 га яқин қурилиш техникаси жалб қилинган.
Хива шаҳрида замонавий, миллий услублар билан уйғунлашган темир йўл вокзалини қуриш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари бу ерга келаётган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида вокзал биносини кўҳна Хивадан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлаштирди. Иншоот икки қаватли бўлиб, ўзининг кўркамлиги, миллийлиги, йўловчилар учун яратилган қулайликлари билан эътиборни ўзига жалб этади.
Лойиҳага кўра, вокзал бир вақтнинг ўзида 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Унинг олдида замонавий, мусиқали фаввора ўрнатилади. Бино ташқи кўринишидан Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиради. Ҳозирда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.
Йирик лойиҳа амалга оширилгач, пойтахт қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива билан ўзаро бир йўлда бирлашади, бу эса Ўзбекистон аҳолиси, чет эллик меҳмонлар учун кўплаб қулайликларни яратади.