Ўзбекистон | 18:27 / 31.10.2017
8092
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказмоқчи

31 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон-Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги» мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. «Kun.uz» мухбири ушбу тадбирда иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қозоғистон Республикаси томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда ​вазирлик ва идоралар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, икки мамлакат нуфузли таҳлилий марказлари раҳбарлари иштирок этди. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга 2017 йилнинг 16-17 сентябрь кунлари амалга оширган давлат ташрифи давомида икки мамлакат президентларининг Қўшма баёноти қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонлаш мақсадида тегишли идораларга ушбу муҳим санага бағишланган тадбирларни юқори даражада ўтказиш бўйича топшириқлар бергани алоҳида бандда кўрсатиб ўтилган. ​Мазкур анжуманнинг ўтказилишини кенг кўламли тадбирлар дастурининг бандларидан бирининг ижроси сифатида баҳоланиши мумкин.​

Анжуманнинг шўъба йиғилишларида сиёсат, иқтисод, транспорт соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболлар муҳокама этилиб, икки давлат ўртасида алоқалар аввало ўзаро ишонч ва миллий манфаатлар йўлида бориши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган «2017-2019 йилларда Иқтисодий ҳамкорлик стратегияси» ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. Шунингдек, қардош халқлар МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ва Оролни қутқариш халқаро фонди доирасида муносабатларни яхшилаб бормоқда. Бундан ташқари, 2017-2018 йиллар давомида фаолият юритиши кўзда тутилган БМТ ХК вақтинча аъзолиги сайловида Ўзбекистон Қозоғистон номзодини маъқуллагани алоҳида эътироф этилди. 

Жорий йил март ойида эса Остона шаҳрида учрашган икки давлат президентлари умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг мақсадли шартномаларни имзолаган. Анжуман иштироклари мазкур товар айирбошлаш кўрсаткичини 2020 йилга қадар 5 миллиард АҚШ долларига оширишни мақсад қилаётганини билдирди. 

Икки мамлакатнинг тарихий бир макон, дин ва маданият бирлаштириб туради. Ана шу омиллар инобатга олиниб, келгуси 2018 йил Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» этиб эълон қилиниши, 2019 йил Ўзбекистонда эса «Қозоғистон йили» бўлиши маълум қилинди. 

Ўтган яқин давр ичида Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ҳар икки қўшни мамлакатда ташкил этилгани, Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Парламенти Сенати ўртасида имзоланган Меморандум муносабатларнинг кўп томонлама давом этаётганини билдиради. Анжуман иштирокчилари Ўзбек-Қозоқ экспертлар кенгашини тузиш таклифини маъқуллади. Айни шу маънода ҳамкорлик, 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги навбатдаги халқаро анжуманда давом этиши таъкидланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид