Тасаввур қилинг, сиз ёшлар учун мўлжалланган «Камолот» уйи қурдингиз. Бунинг учун банк сизга кредит ажратди. Уйни белгиланган муддатда топширдингиз. Қурган уйингизни кимгадир сотиш ёки тақсимлаш сизнинг ихтиёрингизда эмас. Вилоят ҳокимлиги уйни далолатнома орқали қабул қилиб олганидан сўнг, уйни ўз эгаларига вақтида топшира олмагани боис сиз билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмади. Сиз эса вақтида топширган уйингиз учун кредитни ўз вақтида ёпа олмадингиз ва фоиз тўлашда давом этдингиз — яъни зарар кўра бошладингиз. Бунинг учун ким айбдор?

Самарқандда айнан шундай ҳолат юзага келмоқда. Сайтимизда илгари ҳам «Самарқандлик тадбиркор: «Вилоятдаги мутасаддилар туфайли корхонам 552 миллион сўм зарар кўрди» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган ва Паст Дарғом туманида «Камолот» уйлари қуриб берган «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонасининг вилоят ҳокими (эндиликда собиқ) ўринбосари Олим Очилов, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали раҳбариятининг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиши, тадбиркорнинг тақдирига бефарқ қарши унинг ҳуқуқларини поймол қилиши оқибатида ярим миллиард сўмдан зиёд зарар қилгани баён этилган эди.

Энди худди шундай тадбиркордан яна бири таҳририятимизга мурожаат қилиб, ўзининг арз додини республика раҳбарлари эшитишини, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси панжа орасидан қараб, ечимини топмаётган муаммосини ҳал қилиниши сўрамоқда.

Жомбой туманидаги «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонаси раҳбари Ҳамза Қосимович Мамаюсуповнинг айтишича, адлия вазирлигига, миллий хавфсизлик қўмитасига, республика Бош прокурорига, Самарқанд вилояти ҳокимлигига ва бошқа тегишли органларга қилган 3 марталик мурожаати умуман қаноатлантирилмаган.

«Бизнинг айбимиз (у бу сафар худди шу муаммо билан юрган «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси раҳбари Ҳайитмурод Элмуродов билан келди) нима, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига лаббай даб жавоб бериб, қурилишни барча меъёрлар бўйича якунлаб, ўз вақтида топширганимизми?! Самарқандда адолат борми ўзи?!» — дейишмоқда улар. Қурувчиларнинг айтишича, бундай «Камолот» уйлар республикамизнинг барча вилоятларида қурилган, бошқа вилоятларда бирорта қурувчининг «бурни қонатилмаган», барча зарур маблағлар, қурилиш материалларини ўз вақтида олишган, қурилиш ташкилотлари фойда билан чиқишган.