Россия президенти Владимир Путин Эронга расмий ташрифни амалга оширмоқда. Теҳронда у ислом республикасининг олий раҳбарияти билан учрашади. Тахмин қилинишича, етакчилар Суриядаги вазият ва Эрон ядровий дастурига баҳо беришади ва иккитомонлама иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишади. Бундан ташқари, Россия, Озарбойжон ва Эрон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Бу давлатларнинг ҳамкорлиги минтақадаги вазиятга қай тариқа таъсир ўтказиши ҳақида RT маълумот тўплади.

Стратегик шериклик

Путиннинг бу галги ташрифи Эрон ва АҚШ муносабатларидаги таранглик янада кучайган вақтга тўғри келмоқда. АҚШ президенти маъмурияти Эронни Яқин Шарқдаги энг бош айбдорга айлантириш нияти борлигини аввал ҳам яширмаган. Шу йилнинг май ойида Саудия Арабистонига қилган ташрифи чоғида Дональд Трамп Теҳронни терроризмни дастаклашда айблаб чиқди. Айни пайтда икки давлат муносабатларидаги энг қизғин мавзу 2015 йилда тузилган Эрон ўз ядровий дастуридан воз кечса, унга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш имконини берувчи умумқамровли қўшма ҳаракатлар режаси (УҚҲР) эвазига юзага келган Эрон ядровий битими тақдирига боғлиқ.  

13 октябрь куни Трамп Вашингтон битимни такомиллаштириш ёки ундан чиқиш истагини билдирган (шартноманинг иштирокчилари шунингдек Россия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой ва Эрон ҳисобланади). Россия бир неча бор УҚҲРга амал қилишни таъкидлаган. Кремль матбуот хизматининг хабар қилишича, бу жиҳат ҳам Путиннинг музокараларида тилга олинади.

«Тахминимча, бу ташриф Москва томонидан Эрон раҳбариятининг қўллаб-қувватланишини яна бир бор намойиш этади», — деган Deutsche Welle’га берган интервьюсида Германия ташқий сиёсат жамияти (DGAP) нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё дастурлари раҳбари Штефан Майстер.

«Россия президентининг Эронга ташрифи бугунги кунда тарихий чўққисида турган Россия-Эрон муносабатларининг стратегик характерини таъкидлаши шубҳасиз», — деган RT билан суҳбатда «Стратегик коммуникациялар» бюроси бош директори Евсей Васильев.

Эксперт «Ҳозирги шароитларда — АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан давлатларимизнинг ташқи босим ва «халқаро изоляция»га дучор қилишга уриниш бўлаётган бир пайтда Москва ва Теҳроннинг ҳаракатлари муштарак бўлиши керак»лигини қайд этди.

Владимир Путин Эронда президент Ҳасан Руҳоний ва олий раҳбар Али Хоминаий билан учрашади.