Сочидаги Бочаров Ручей қароргоҳида Россия президенти Владимир Путиннинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви бўлиб ўтди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, тор доирадаги учрашувдан сўнг, томонлар кенгайтирилган таркибда Сурия масаласини муҳокама этишган ва яна тор доирадаги музокараларга қайтишган. Музокаралар жами тўрт соатга яқин давом этгани хабар қилинмоқда.
Россия ва Туркия етакчиларининг музокаралари якунига бағишлаб матбуот учун чиқишлари синхрон таржима ускунасининг ишламаслиги билан бошланди. Путин дарҳол вазиятдан чиқишнинг йўлини топди ва таржимонни тўғридан-тўғри микрофонга таклиф қилди.
РФ етакчиси Владимир Путин ўз баёнотини икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга улгуришгани, шунингдек, Сурия муаммоси ҳам музокара мавзуси бўлганини таъкидлаб ўтди. У Россия-Туркия ҳамкорлиги даражаси тикланганини қайд этиб, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 36 фоизга ошганлигини таъкидлади.
Путин ушбу учрашув ўта тезкор руҳда, бюрократия ва ортиқча дипломатик жараёнларсиз, самарали ўтаётганини қайд этиб ўтди.
«Бизда иш юзасидан ноформал жуда яхши фикр алмашиш амалиёти, режаларимизни таҳрирлаб олиш ва олдинги музокаралар якунини сарҳисоб қилиш шаклланиб бўлди. Бундай амалиётга доимо риоя қиламиз», — деди Путин.
Туркия Россия Федерацияси билан савдо муносабатларида қолган-қутган чекловларнинг ҳам олиб ташланишини ёқлайди, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған.
«Бизнинг алоқаларимиз мавжуд муаммоларнинг барчасини бартараф этиш юзасидан давом этиб келди ва давом этмоқда… Ўтган ойда Қозонда ҳукуматлараро комиссия ўз ишини якунлади ва унинг якунларига кўра Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш бўйича енгилликлар жорий этилганини билиб олдик. Биз қолган чекловлар ҳам олиб ташланишини хоҳлаймиз», — деди Эрдўған.
Турк етакчисининг айтишича, 2017 йилнинг биринчи чорагида «икки томонлама иқтисодий муносабатлар даражаси 15 миллиард АҚШ долларидан ошган».
«Биз 100 миллиард долларлик маррага етишимиз учун ишбилармонларимиз йўлидаги барча тўсиқларни бартараф этмоғимиз керак. Бунинг учун олдинги визасиз режимга қайтишимиз муҳим аҳамият касб этади», — деган у.
Икки давлат етакчилари, шунингдек, Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама этишган. Путиннинг қайд этишича, Россия, Туркия ва Эрон каби Остона жараёнларининг кафили бўлган мамлакатларнинг саъй-ҳаракати натижа келтирмоқда, бироқ узоқ муддатда вазиятнинг барқарорлашуви бўйича ишларни кўпайтириш керак. Эрдўғаннинг таъкидлашича, можаролардан холи зоналарнинг белгиланиши ҳам Суриядаги инқирозни тартибга солишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. У минтақада тинчликка сиёсий йўл билан эришиш учун асослар пайдо бўлганини қўшимча қилди.







