Ўзбекистон | 12:50 / 17.11.2017
47212
2 дақиқада ўқилади

«Бу уйларни кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфатларини ўйлаб қурмоқдамиз». Шавкат Мирзиёев Сергелида

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Сергели туманида қурилган янги уй-жойларни бориб кўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«13 гектар майдонда 66 та кўп қаватли уй-жой қад ростлади. 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-сонли оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, поликлиника, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрассалар барпо этилган», дейилган хабарда.

Бундан ташқари, мавзеда хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилди, янги иш ўринлари яратилган.

«Бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфатларини ўйлаб бунёд этмоқдамиз. Шундай экан, биноларни замон талабларига мос қилиб қуриш керак. Бундан ташқари, уйларни сақлаш, тўғри фойдаланиш ҳам бурчимиздир. Бу борада шу ерда яшовчиларнинг масъулиятини ошириш, уларда ўз уйи учун жавобгарлик ҳиссини кучайтириш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент янги қурилган хонадонларда бўлди. У ерда яратилган шароитлар билан танишди, уй соҳиблари билан дилдан суҳбатлашди. Уларни янги хонадон билан табриклаб, совғалар тақдим қилди.

Янги уй соҳиблари Президент билан суҳбатда яратилган шароитлардан мамнун эканини изҳор этди.

«Бу ерга кўчиб келаётганларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам долзарбдир. Келажакда қуриладиган корхона ва ишлаб чиқариш объектлари бу уйларга яқин жойда бўлиши муҳим», — деди Ўзбекистон Президенти.

Шавкат Мирзиёев келажакда қуриладиган бу каби уйларни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.

Мавзуга оид