Жамият | 11:50 / 24.11.2017
30807
4 дақиқада ўқилади

«Узр, шундай бўлиб қолди». Америкалик айби исботланмаган ҳолда қамоқда 39 йил ўтирди

Фото: TVI24 CANAL OFICIAL / Youtube

АҚШнинг Калифорния штатида 70 ёшли маҳбус Крэйг Коули озодликка чиқарилди. У қўш қотиллик учун айбдор деб топилиб, қамоқхонада 39 йил ўтирган. Штат губернатори Жерри Браун янги суриштирувдан сўнг уни афв этган: суриштирувга кўра судланувчини айблаш учун далиллар етарли бўлмаган.

Крэйг Коулини 24 ёшли Ронда Уичт ва унинг 4 ёшли ўғли Дональднинг ўлдирилишида айблаб, судланган эди. Ўлдирилганларнинг жасади уларнинг Калифорниядаги Сими-Вэлли шаҳарчасидаги уйидан 1978 йилнинг 11 ноябрида топилганди. Ронда Уичтнинг номусига тажовуз қилинган, калтакланган ва макраме тўқиш учун мўлжалланган арқон ёрдамида бўғиб ўлдирилган эди. Унинг ўғли ҳам бўғилган.

Коули Ронда Уичт билан икки йилча учрашиб юради ва қотилликдан бироз аввал муносабатларига нуқта қўйишади. Уни жасадлар топилган куниёқ гумонланувчи сифатида ҳибсга олишади.

1979 йилда суд бўлиб ўтади ва унда суд маслаҳатчиларининг овози бўлинади. Янги суд мажлиси эълон қилинади ва 1980 йилнинг январида Крэйг Коули айбдор деб топилади. Унга муддатидан олдин озод қилиниш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Апелляция суди ҳукмини ўз кучида қолдиради.

Қораловчи томон судда қотиллик юз берган тунда Ронда Уичт уйи олдида Крейг Коулиникига ўхшаш машинани кўришганини рўкач қилади. Унинг уйида тинтув ўтказилганида қон доғлари бўлган сочиқ ва футболка топилади. Прокурор ҳам судда Ронда Уичт у билан алоқаларни бас қилиш ҳақида гапирганидан сўнг Коули тушкунликка тушиб қолганини таъкидлайди.

Айбланувчининг адвокатлари минг шикоят қилишмасин, полиция қолган уч гумондорни текшириб ҳам ўтирмайди. Ронда Уичтнинг ойиси Крейг Коулига худди ўғлидек муносабатда бўлгани, бошқа гувоҳлар эса у Дональд Уичтга иккинчи отадек бўлганини тасдиқлашади.

Ронда Уичт ва ўғлининг ўлдирилиши билан боғлиқ янги суриштирувлар 2016 йилнинг октябрида бошланади. Ўшанда Сими-Вэлли полицияси раҳбари Дэвид Ливингстон истеъфодаги детектив Майк Бендер билан суҳбатлашиб қолади ва у воқеани эсга олиб, Крэйг Коулининг айбдорлигига шубҳа қилишини билдиради. Суриштирув мобайнида илгари йўқолиб кетган ёки йўқ қилинган деб ҳисобланган, лекин хусусий лабораторияда сақланиб келинаётган биологик намуналарнинг ДНК таҳлили ўтказилади.

Экспертизанинг кўрсатишича, сақланиб келинаётган намуналарда Крэйг Коулининг ДНКси излари йўқ, лекин бошқа инсонларники топилган. Уларнинг шахси аниқлангани ёки йўқлиги ҳақида полиция ҳеч нарса маълум қилмаган.

Фото: Simi Valley Police Department

Сими-Вэлли полицияси раҳбари Дэвид Ливингстон Крейг Коулини афв этишга бағишланган матбуот анжуманида. 2017 йил 21 ноябрь

Янги суриштирувдан сўнг Сими-Вэлли полицияси ва округ прокуратураси Крейг Коулини афв этиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлашади. Ишни кўриб чиққан Калифорния губернатори Жерри Браун маҳбусни зудлик билан озод қилишга буйруқ беради. Афв этиш ҳақидаги қарорига изоҳ берар экан, губернатор ўтган 39 йил ичида Коули намунали маҳбус бўлгани, қамоқхона режимини бирор марта бузмагани, ўзини тўлиқ динга бағишлаганини айтиб ўтган. «Мистер Коули узоқ ва адолатсиз қамоқ жазосини инсонийлик обрўсига гард теккизмасдан бошдан кечирди», — деган Браун. Бутун жазо муддати давомида маҳбус айбсиз эканлигини таъкидлаб келган.

«Бу фожиали ҳодиса. Айбсиз аёл ва унинг боласи ўлдирилган. Крэйг Коули ўзи содир этмаган жинояти учун қамоқхонада 39 йил ўтирган. Ҳақиқий қотил ёки қотиллар одил судга рўбарў бўлмаган», — дейилади Сими-Вэлли полицияси ва округ прокуратураси қўшма баёнотида.

Мавзуга оид