Андижон шаҳридаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга урган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг қилиғи бутун интернет тармоғини ларзага солди.
Таълим тизимини вакилларини «ҳайвон»дан олиб, «ифлос»га солган бундай амалдорларга қонунларимизда қандай чоралар назарда тутилган? KUN.UZ ушбу ҳолатга ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериш учун эксперт — юрист Сардор Оллобергановга мурожаат қилди. Қуйидаги ана шу ҳуқуқий таҳлил эътиборингизга ҳавола этилади.
Ҳоким директорларни ҳақорат қилишга ҳақлими?
Бу саволга «йўқ» деб жавоб беришга ҳам тил бормайди. Ҳоким лавозимидаги инсон Конституция ва қонунларни менсимаслиги мумкин дегани эмас. Жаноб Раҳматуллаев ўзининг «жимжимадор» нутқида директор ва ўқитувчиларга «тупургани»ни кўп марта таъкидлаганини ҳисобга олсак, аслида у Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қатъий белгиланган қонунларига ва Президент олиб бораётган бугунги сиёсатга ҳам тупургани яққол кўриниб турибди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган. Бундай қоидаларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Мавзуга оид: Яна директорлар ҳақоратланди. Бу сафар Андижон
Жаноб Раҳматуллаев янги сўкиниш ва ҳақоратларни ўйлагунча, қонунларни варақлаб кўрса, яхши бўларди.
Ҳокимни нима кутяпти?
Ишдан бўшаши мумкин. Ўз мансаб ваколатидан четга чиққани ва ишни тўғри ташкил эта олмаганлиги учун ҳоким лавозимидан озод этилиши мумкин. Шунингдек, мазкур воқеа муҳокамаси интернетда ҳали бери тинмаслиги ҳисобга олинса, ҳоким ишдан олинишига жамоатчилик босими ҳам ўз кучини кўрсатиши мумкин.
Қонуний томонига келсак, Конституциямизнинг 93-моддаси 15-бандида Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли эканлиги белгиланган.















