11:32 / 11.12.2017
18557

«Насиҳатларингиз қизиқ эмас!» - Исроил Эрдўғанга жавоб қайтарди

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнотига изоҳ берди. Туркия раҳбари ўз баёнотида Исроилни «террорчи давлат» деб атаганди, дея хабар қилмоқда Би-би-си.

«Мен ўзининг Туркиясида курдларнинг қишлоқларига бомбалар ёғдираётган, журналистларни қамоқхоналарга ташлаётган, Эронга халқаро санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган ва террорчиларга, жумладан Ғазода ҳам ҳеч нарсада айби бўлмаган одамларни ўлдиришда кўмак тақдим этаётган етакчидан панд-насиҳатларни эшитишга ўрганмаганман», - дея айтиб ўтди Нетаньяху.

Аввалроқ Эрдўған, Туркиядаги ҳукмрон Адолат ва ривожланиш партияси митингида чиқиш қилиб, расмий Тель-Авивни фаластинликлар томонидан ташкил этилган норозилик намойишларни полициячилар ёрдамида бостириш ҳаракати бўйича айблади. Хусусан, у Фаластин Исроил «террорчи давлати» томонидан босиб олинганлигини маълум қилди.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, ал-Қудснинг мақоми мусулмонлар учун «қизил чизиқ» бўлиб қолади. Шунингдек, у Туркия Исроил билан дипломатик алоқаларни узиши мумкинлиги билан огоҳлантирди. Бундан ташқари, унинг маълум қилишича, ал-Қудсни, унинг сўзларига кўра, «болаларни ўлдираётган» мамлакатга бермайди.

Туркия ва Исроил тўлақонли дипломатик муносабатларни фақатгина ўтган йили тиклади, бу Анқара исроиллик ҳарбийлар ҳаракатига қарши протест сифатида ўз элчисини чақиртириб олганидан олти йил ўтиб рўй берди. Исроилликлар ўшанда Ғазо сектори денгиз блокадасини ёриб ўтмоқчи бўлган Туркия кемасини тўхтатиб қолишганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трампнинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қарори ўтган ҳафтанинг чоршанба куни эълон қилинди ҳамда дарҳол кескин танқидга учради.

Ал-Қудсда мусулмонлар, яҳудийлар ва христианларнинг кўплаб муқаддас жойлари бор. 

Исроил давлати ташкил топганидан бери ал-Қудсни ўз пойтахти сифатида кўриб келади. Фаластинликларнинг фикрича эса, Исроил томонидан 1967 йилда босиб олинган шарқий ал-Қудс уларнинг давлати пойтахтига айланиши лозим.

Аввалроқ Фаластин АҚШ ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олгани туфайли халқаро судга мурожаат қилиши хабар берилганди.

Top