Жорий йилнинг 13 ноябридан иш бошлаган Комплекс тест маркази (КТМ) хорижда, жумладан, Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимиз учун қулайлик яратиш мақсадида ўз фаолиятини бошлаган. Бу мамлакатда меҳнат фаолиятини ошириш учун EPS-TOPIK малакавий имтиҳонларидан ўтиш зарур. Бунинг учун дастлаб корейс тилини ўрганиш талаб қилинади. Корейс тилида ўқиш ва мулоқот қила олишига ишонган юртдошларимиз ўз билимларини айнан Комплекс тест марказида синовдан ўтказишлари мумкин. Таъкидлаш жоизки, Корея Республикаси томонидан қўйилган талабга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун Е-9 ва Е-10 виза турлари бўйича мазкур давлатга юборилиб, 5 йил давомида ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини юритиб, Ўзбекистонга қайтиб келган фуқаролар EPS-TOPIK тест синовларига киритилмайди.

KUN.UZ мухбири 13 декабрь куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бўлим бошлиқлари М.Азизов ва А.Ахматов, Фуқароларни хорижда ишга жойлаш бўлими ва Ахборот хизмати мутасадди ходимлари, Корея Инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Парк Су ва Комплекс тест маркази раҳбари В.Цойларнинг Кореяда ишлаш ниятидаги фуқароларни рўйхатга олиш, тест санасини банд қилиш ва тест синовидан ўтказиш жараёнига бағишланган матбуот анжуманида берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Агентлик орқали Жанубий Кореяга кетиш ҳамда у ерда меҳнат фаолиятини юритиш истагида бўлган фуқаролар учун асосий – EPS-TOPIK тест синовларини топширишдан аввал Кореяда ишлашга талабгорлар корейс тилини билиш даражаларини синовдан ўтказиб олишлари учун Комплекс тест маркази дастлабки КТМ тест синовларини ўтказади.

Фақат КТМ тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодларгина Кореяда ишлаш учун топшириладиган EPS-TOPIK тест синовларига кириш ҳуқуқига эга бўлишади.

КТМ тест синовларини топширган ва талаб қилинган шаклда ўз расм ва паспортини юкламаган барча фуқаролар ўз Анкетасини охиригача тўлдириши ва унга расмларини ва паспортнинг сканер қилинган шаклини юклаши зарур.

EPS-TOPIK тест синовларини топшириш учун паспортнинг скан қилинган шакли (мажбурий шарт: 600 пиксель ўлчамда скан қилиш зарур, файлнинг оғирлиги 100kb ҳажмдан ортиб кетмаслиги зарур) ва ўз расмини электрон шаклда (мажбурий шарт: ҳажми 3,5x4,5см jpg форматда ва ўлчами 100 дан 300 пикселгача, файл оғирлиги 15kb ҳажмдан ортиб кетмаслиги зарур) тақдим этиши лозим.