Жаҳон | 09:15 / 13.12.2017
10255
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ўта муҳим халқаро саммитни ўтказади

Фото: РИА Новости

Каспийбўйи давлатлари раҳбарлари саммити Остонада баҳорда бўлиб ўтади. Унда Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция лойиҳаси кўриб чиқилади, деб хабар бермоқда РИА Новости Россия президентининг Каспий минтақаси мамлакатлари билан гуманитар ҳамкорлик масалалари бўйича махсус вакили Рамазон Абдулатиповга таянган ҳолда.

"Каспийбўйи давлатлари раҳбарлари саммити келаси йили Остонада бўлиб ўтади, баҳорда. ТИВ йўналиши бўйича мувофиқлаштирув олиб борилмоқда", - дея айтиб ўтди Абдулатипов.

Аввалроқ Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров Каспийнинг ҳуқуқий мақоми бўйича конвенция устидаги иш деярли якунлангани, конвенция лойиҳаси Каспийбўйи давлатлари раҳбарларига тасдиқлаш учун тақдим этилиши, улар эса Қозоғистонда келаси йилнинг биринчи яримда учрашишлари мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Каспий денгизининг ҳуқуқий мақомини аниқлаш масаласи СССР парчаланиб кетганидан сўнг долзарб аҳамият касб этди. Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон каби халқаро ҳуқуқ субъектларининг пайдо бўлиши Каспийга беш мамлакат даъвогарлик қилишига олиб келди. Каспий мақомини аниқлаштиришнинг мураккаблиги, хусусан, уни кўл ва ёки денгиз деб тан олиниши билан боғлиқдир, буни ва чегараларни белгилаш эса халқаро ҳуқуқнинг турли қоидалари билан тартибга солинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид