Шавкат Мирзиёев ва Сооронбой Жээнбеков мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокарада давом эттиришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, илмий-техникавий, банк-молиявий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутмоқда. Икки мамлакат Бош вазирлари мазкур комиссиянинг ҳамраислари этиб тайинлангани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътиборидан далолат беради.
Кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи суръат билан юксалмоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 56 фоиздан зиёдга ўсиб, 235 миллион доллардан ошди.
Аммо, музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Икки томонлама товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш борасида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, биргаликда савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва ишбилармонларнинг музокараларида икки мамлакатдан кўплаб етакчи бизнес вакиллари иштирок этгани, унинг якунида 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланиш палласига кирганини намоён қилади.

Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, Қирғизистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини биргаликда йиғишни ташкил қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар тузиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар бу лойиҳалар билан чекланмасдан, саноат кооперацияси соҳасида истиқболли йўналишларни биргаликда топишга келишиб олдилар.
















