«Фойда бермаса ҳам пахта экавериш вақти ўтди». Шавкат Мирзиёев бошқа таклиф берди
Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг Чимбой туманидаги академик лицейига ташриф буюрди.
ЎзА хабарига кўра, шу ерда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдириш борасида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Президент мазкур соҳа истиқболини юқори баҳолаб, бу борада мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш кераклигини қайд этди.
«Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак. Масалан, қизилмия бу ер иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўймаслигимиз керак», деган Шавкат Мирзиёев.
Чимбой туманидаги «Lanextrakt» қўшма корхонасида қизилмия илдизидан экстракт ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 30 минг тонна қизилмия илдизи қайта ишланиб, 1,3 минг тонна экстракт тайёрланади. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган корхонада 200 иш ўрни яратилган.
Президент Қорақалпоғистон Республикасида фармацевтика плантацияларини ташкил этиш ва етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Давлат раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва ресурслар салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудда фармацевтика саноатини ривожлантириш йўналишида 2018-2019 йилларда қиймати 27 миллион долларга тенг 17 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида 37 турдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва уларнинг маълум қисми экспорт қилинади.
Нукус шаҳридаги «Нукус Мед Тех» МЧЖ томонидан тиббий буюмлар, «Берлин фарм» МЧЖ томонидан онкологик дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тўрткўл туманидаги «Тўрткўл шиша идишлари» МЧЖда фармацевтика шиша идишлари тайёрланади.
Президентга шу каби фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдим қилинди.
Шунингдек, лойиҳаларда целлюлоза ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумот ҳам ўрин олди. Икки босқичда амалга ошириладиган мазкур лойиҳа қоғоз ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ўз ичига олади.
Қорақалпоғистон Республикасида бўш турган ва кам қувват билан ишлаётган бино ва майдонлар хатловдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот асосида янги корхоналарни ишга тушириш кўзда тутилаётгани қайд этилди. Шунингдек, лойиҳаларда кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш бўйича таклифлар ўрин олган.
Президент Чимбой тумани фаоллари, зиёлилари билан учрашди. Учрашувда бугун дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, аҳолини қийнаётган масалалар, таълим, тиббиёт тизимини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мавзуга оид
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024
Биржада пахта нархи 11 минг сўмгача кўтарилди. Бу нимадан дарак?
12:38 / 27.09.2024