Жамият | 00:27 / 15.12.2017
12011
3 дақиқада ўқилади

Инкабодликлар чиқиндихонадан қутулиб, тоза ичимлик сувига эга бўлишади – экологларнинг жавоби

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг KUN.UZ интернет-нашрида эълон қилинган «Омонхона» суви сотилувчи қишлоқда рўзғорга ичимлик суви харид қилинмоқда — Инкабодликлар мурожаати» мақоласига хулоса юборди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Омонхона» суви сотилувчи қишлоқда рўзғорга ичимлик суви харид қилинмоқда — Инкабодликлар мурожаати» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолани кўриб чиқиб қуйидагиларни маълум қилган.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги чиқинди полигони бўйича:

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги чиқинди полигони «Инкабод» маҳалла ҳудудида Ер танлаш ва ер ажратиш комиссиясиниг хулосасига кўра, Бойсун туман ҳокимининг 2014 йил 27 августдаги «Инкабод» маҳалла ҳудудида 4 га ер ажратиш ҳақидаги 465-сонли қарорига асосан ташкил этилган.

Сурхондарё вилояти Гидрогеология станцияси томонидан ушбу чиқиндихонанинг жойлашуви ўрганилди. Хулосага мувофиқ ер ости сувлари 130 м пастликда сув ўтказмайдиган гил, соз тупроқ ва тош ётқизиқлар остида жойлашган (вилоят Гидрогеология станциясининг 2017 йил 10 октябрдаги 128 А-сонли хулосаси).

Ҳудуддаги аҳолидан келиб тушган қатор мурожаат ва шикоятларга асосан Сурхондарё вилояти Бойсун тумани чиқинди полигони учун туман ҳокимининг 2017 йил 2 ноябрдаги 1130-сонли қарорига асосан тумандаги «Работ» даҳаси «Ганда» участкасидан 5 га ер майдони ажратиб берилиб, 2018 йил январь ойидан бошлаб ҳосил бўладиган чиқинди мазкур янги полигонга олиб борилади. Ҳозирда ушбу чиқинди полигонида санитар ва экологик талаблар асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Инкабод қишлоғининг сув таъминоти бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2900-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 340-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ ичимлик сув таъминоти масалалари янги ташкил этилган ушбу вазирлик ваколатига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2910-сон қарорига асосан Бойсун тумани аҳолисини «Хўжа-майхона» табиий сув манбасидан чиқадиган ичимлик суви билан таъминлаш учун 2018–2019 йилларда 34,7 км ичимлик сув қувурининг қурилиши ва бунинг учун 25,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид