Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Фармонда мамлакат тўқимачилик саноатининг изчил ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар санаб берилган.

Республика тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга янада илгари суриш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида ушбулар тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланмоқда:

1). Тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;

2). Тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини илғор менежмент технологиялари, тармоқ корхоналарига ҳар томонлама кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этишда самарали шаклларини жорий этган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш;

3). Тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали янада такомиллаштириш;

4). Тармоққа тўқимачилик маҳсулотлари маҳаллий ва хорижий бозорларининг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ишончли ва ўз вақтида ахборотлар олишни таъминлаш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тармоқ ривожланишининг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида уни тизимли ва комплекс таҳлил қилиш;

5). Пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;

6). Хом ашё ресурслари тақсимотининг мутаносиблиги ва ташкил этилаётган тармоқ корхоналарининг логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда, шу жумладан кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш, юкларни етказишнинг оптимал йўналишлари ҳамда йўлакларини танлаш, шунингдек, транспортда юк ташиш тарифларини оптималлаштириш орқали жойлашувини таъминлаш;