Америкалик профессор, мудофаа ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис Роберт Фарли The National Interest нашри саҳифасида 2018 йилда Учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкин бўлган бешта минтақани санаб ўтди.
"Жаҳон 2017 йилни катта қудратга эга давлатлар иштирокидаги вайронакор можаросиз ўтказишнинг уддасидан чиқди. Жаҳоннинг баъзи қисмларида кескинлик анча пасайди. Бошқа жойларда эса мураккаб вазият янада оғирлашди", - дея ёзади у.
КХДР Фарлининг рўйхатида биринчи давлатга айланди, унинг фикрича, бу мамлакат атрофидаги вазият ҳозирги даврнинг энг жиддий ташқи сиёсий инқирозидир. "Шимолий Кореянинг баллистик ракеталарни ишлаб чиқишдаги муваффақиятлари Трамп маъмуриятининг дипломатик тажрибасизлиги билан уйғунлашган ҳолда жуда хавфли вазиятни келтириб чиқарди", - дея таъкидлайди профессор.

Унинг сўзларига кўра, ҳам Пхеньян томонидан, ҳам Вашингтон томонидан йўл қўйилган хатолар осонлик билан урушга айланиши мумкин, Япония ва Хитой ҳам унга аралашиб қолиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, йирик можаро бошланиши мумкин бўлган иккинчи минтақа Тайвандир. Яқинда хитойлик дипломат Ли Кексин Пекин “Тайванни ҳарбий куч ёрдамида бирлаштириши”, бу оролга Америка ҳарбий кемалари келиб тўхтаган кун рўй беришини маълум қилганди.
Шу билан бирга, ХХР минтақадаги ҳарбий фаоллигини оширди, бунга АҚШ бир неча маротаба қарши чиқди. Бундан ташқари, Вашингтон Тайванга қурол-яроғ етказиб бериш ҳажмини ошириб бормоқда.
"Ўта эҳтиёткор дипломатия ҳамда аввалдан тахмин қилишни талаб этувчи муносабатларни Хитой ва АҚШ каби муҳим ўйинчилар ноаниқлик гирдобига ташлашга тайёр, бу эса жуда вайронакор можарога олиб келиши мумкин", - дея ҳисоблайди Фарли.
Рўйхатнинг кейинги поғонасидан Украина жой олди. Ундаги вазият, таҳлилчининг сўзларига кўра, кескин бўлиб қолмоқда: шарқдаги сулҳ доимий равишда бузилмоқда, Киевдаги норозилик намойишлари ва Михаил Саакашвили билан боғлиқ тушунарсиз ҳолат Украинанинг амалдаги ҳукумати иши барқарорлигини сўроқ остига қўяди.
















