14 декабрь куни “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази Тошкентда 20 йиллик фаолияти бўйича ҳисобот кечасини ўтказди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистондаги ижтимоий соҳага йўналган нодавлат-нотижрат ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, “Сабр” маркази ҳамкорлари ва ходимлари иштирок этди.
“Сабр” ишонч маркази 1996 йилда очилган бўлиб, 2016 йилда Республика ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган. Ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида умумий қиймати 14 миллиард сўмлик микроқарзлар ажратган.


Шунингдек, Буюк Британия, Голландия, Германия ва бошқа мамлакатларнинг халқаро ташкилотлари, ижтимоий ва иқтисодий соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ўнлаб халқаро анжуманлар ўтказган. Ўтган йиллар давомида амалга оширилган 30 га яқин йирик лойиҳалар миллий ва халқаро ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланиб, Самарқанд вилояти ва Республика бўйлаб минглаб оилалар, ёшлар ва аёлларнинг турмуш тарзларини яхшилаш, уларга амалий кўмак кўрсатишга хизмат қилган.

Мавлудахон Ширинова, “Сабр” РИИР маркази директори:
“Бизнинг марказ Ўзбекистоннинг ноилож аҳволда қолган аёлларига психологик, ижтимой, тиббий ёрдам бериб келувчи энг биринчи ишонч марказларидан бири ҳисобланади. Биз, асосан, қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли билан ишлаймиз. Ўтган йили биз Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази сифатида рўйхатдан ўтдик. Мақсадимиз республика бўйлаб ёрдамга муҳтож аҳолини ижтимоий инновацияларни жорий қилган ҳолда қўллаб-қувватлашдир. Бугун Ўзбекистонда муҳим ўзгаришлар содир бўлмоқда, инсонлар учун шахсий ривожланишга янги имкониятлар мавжуд, кенг кўламли ислоҳотлар доирасида янги лойиҳалар амалга ошмоқда. Ишонамизки, бизнинг келгусидаги ижтимоий инновацион лойиҳаларимиз давлатимиз стратегик тараққиётига муносиб ҳисса қўшади”.



















