Жаҳон | 09:14 / 23.12.2017
12977
3 дақиқада ўқилади

Бошланди. Япония императори тахтни топшириш бўйича баёнот берди

Фото: Япония Императорлик Уйи Агентлиги

Япония императори Акихито 84 ёшга кирган куни тахтни топширишга тайёргарликни бошлашга тайёр экани ҳақида маълум қилди.

"Мен тахтни ҳаётлик давримда топшириш бўйича масалага турли позициялардан қараган ва бунинг учун саъй-ҳаракат кўрсатган кўплаб одамлардан миннатдорман. Қолган кунлар ичида мен миллат белгиси функцияларини бажарган ҳолда, янги даврга ўтишга тайёргарлик кўраман", - дея айтиб ўтди император журналистларга, мурожаат матни император саройи бошқармаси сайтида эълон қилинган.

Император ўз чиқишида набираси малика Макони унаштирилгани ҳамда келаси йилнинг кузига мўлжалланган тўйи билан табриклади.

"Сентябрь ойида бизнинг катта набирамиз Мако ва жаноб Кэй Комуро унаштирилгани ҳақида маълум қилинди, ноябрда эса уларнинг тўйи бўлиб ўтади. Бу жуда қувончли ҳодиса. Мен уларга бахт тилайман", - дея айтиб ўтди император.

Декабрда император оиласи ишлари бўйича комиссия император Акихито 30 апрель куни тахтдан кетиши, ворис эса тахтга 2019 йилнинг 1 май куни чиқиши ҳақида қарор қабул қилди. Комиссия йиғилиши 25 йил ичида биринчи марта чақирилди.

Вазирлар маҳкамаси бу қарорни 8 декабрь куни маъқуллаганидан сўнг, “алоҳида қонуннинг” ҳаракатга кириши бўйича қонунчилик жараёни бошланди, у Япониянинг замонавий тарихида ҳеч кузатилмаган воқеа – тахтни император ҳаётлик пайтида ворисга топширишни тартибга солади.

Ўтган йилнинг августида император Акихито халққа махсус мурожаатида кексайиб қолгани туфайли ўз мажбуриятларини бажаришга қийналаётгани, тахтни ворисга топшириш ва ҳордиқ чиқариш ниятида эканига ишора қилганди. Бироқ императорлик уйи ҳақидаги қонун ва мамлакат конституцияси амалдаги император вафот этгандан сўнг тахтни топширишни назарда тутади.

10 ойдан ортиқ вақт давомида императорлик уйининг ҳуқуқ, тарих, маданият, протокол соҳасидаги энг яхши экспертлари қоидалардан бундай четлашиш нақадар мумкин эканини ўрганиб чиқишди. Натижада жорий йилнинг июнида парламент “алоҳида қонун”ни қабул қилди, у тахтни ҳаётлик пайтида топширишни назарда тутади.

Бироқ қонунда топшириш муддати кўрсатилмаган. Императорлик оиласи ишлари бўйича комиссия 1 декабрь куни шу ҳақда қарор қабул қилди. Қонун кучга кирган куни император Акихито тахтдан кетиши белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид