Эътибор бераяпсизми, қиш қишга ўхшамайди, вақтдан барака кўтарилган – кўз очиб юмганча ойлар ўтиб кетмоқда, қалблар қаттиқлашиб бормоқда, хуллас, инсоният ўз йўлидан адашиб кетди. Нега? Чунки инсон ўз юзига ёпилган муқаддас пардани йиртмоқда, ўша буюк, ўша азиз, ўша улуғ парда – ҳаёнинг, иффатнинг расвосини чиқармоқда, уни кўмишга, кўмганда ҳам қайтиб эсланмайдиган ҳолда йўқ қилишга интилмоқда.

Кўпчилик «ўзбекчилик» деган атамани кўпроқ салбий маънода талқин этади. Аммо яхшиям-ки, ана шу «ўзбекчилик» деган нарса бор экан. Шу тушунча бўла туриб, бугунги ҳолатимиз, маънавиятимиз, ахлоқимиз ҳаминқадар бўлиб бормоқда, биз учун уятли ва чидаб бўлмас ҳолатлар табиийлик тусини олмоқда.

Табиийлаштириш

Яқинда «Ўзбекистон» телеканалининг «Учбурчак» кўрсатувида бир келинчак чиқиб, қайнотасининг унга гап отгани, шилқимлик қилганини гапириб берди. Эътибор беринг, ипидан игнасигача, ҳар бир деталигача ҳикоя қилди. Савол: бунга қандай қилиб юзи чидади экан? Бу ҳолатга қайнота, эр ва бошқа қариндошлар муносабат билдиришди. Савол: уларнинг юзи қандай чидади? Бу воқеага мутахассислар, кўрсатув иштирокчилари изоҳ беришди. Савол: Умуман бу нарсаларга ўзбекларнинг юзи қандай чидамоқда?

Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асари қаҳрамони Робия ўз тоғасининг хотини раис билан дон олишиб юрганини ўз кўзи билан кўради, аммо бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайди. Янгасидан нафратланади, аммо бети чидамай, бу ҳақда лом-мим демайди. Ёзувчи қаҳрамони орқали бу воқеани ошкор этиши, эл-юрт олдида бундайларни шарманда қилиши мумкин эди-ку? Аммо ўзбекнинг характеридан келиб чиқиб, андишага бориб, бу ҳақда сўз юритмайди, қаҳрамонини ҳақиқий ўзбек образида қиёслайди.

Келиннинг айтаётганларига диққат билан эътибор қаратинг, фақат диққат билан: «Эрим қайнотам билан гаплашиб олди. Дада, бошқа биров билан бўлса майли дердим, келиб-келиб мани хотинимга осиласизми?». Бошқа биров билан бўлса майли... Демак, зинога майли, демак фаҳшга майли... 64 ёшли нуроний инсон зинокорлик қилса майли, фақат келини билан эмас, шундайми?

Бир вақтлар Нодир Жонузоқ томонидан «Гап чиқди» деган кўрсатув бўларди. Парда ортидан туриб, оилалар муаммоси ҳал этиларди. Лекин очиқ-ойдин чиқиб, бутун миллат олдида гапиришлар бизга бегона эди. 

Эртага бир қиз чиқиб, тоғаси ёки амакиси ва ёки акасининг шаҳвоний қарашлари ҳақида гапирса, яна бири чиқиб бошқа қариндошини ҳикоя қилса, алалоқибат бу нарсалар биз учун табиийликка айланмайдими?

Жа, кўпиртирманг дерсиз... Асло.