2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3454 сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда солиқларнинг турлари ва уларнинг ставкаларига боғлиқ бир қатор ўзгаришлар белгилаб берилган. Келинг, янги йилдан солиқлар борасида қандай ўзгаришлар содир бўлишини, уларнинг натижаларини аввалги йилларга таққослаган ҳолда ўрганиб чиқайлик.
ЖШДС — жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари шкала бўйича: 0 — 7.5 — 16,5 — 22,5 фоиз (шу вақтга қадар 0 — 7,5 — 17 — 23 фоиз бўлган).
Ўзгаришлар натижаси: келгуси йилда даромад солиғи йирик миқдордаги ойликларда камроқ тўланади.
ЖБПТ – жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўйича ажратмалар — 2 фоиз (шу вақтга қадар — 1 фоиз).
Натижа: жамғариладиган пенсия ҳисобварақларига кўпроқ маблағ йиғилади ва келгусида кўпроқ маблағ аҳоли ихтиёрида бўлади.
Ташкилотлар учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи — энди йўқ, чунки фойда солиғи таркибига бириктирилган (шу вақтга қадар 8 фоиз бўлган).
Натижа: солиқ турлари биттага камайди ва умумлаштириш ҳисобига соддалаштирилди.
Йирик ташкилотлар (умумий тартибда солиқ тўловчилар)дан фойда солиғи — 14 фоиз (шу вақтга қадар 7,5 фоиз эди, бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан қўшиб ҳисоблаганда — 15,5 фоизни ташкил этган).
Натижа: йирик ташкилотлар умумий ҳисобда камроқ солиқ тўлашади ва маблағларини иқтисод қилишлари мумкин.
Тижорат банклари фойда солиғи — 22 фоиз (шу вақтга қадар 15 фоиз эди, бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан қўшиб ҳисоблаганда — 23 фоизни ташкил этган).














