00:10 / 24.02.2018
116513

«Автотест» монополияси бекор қилинди

Энди Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи белгиланган талабларга жавоб берадиган барча хўжалик юритувчи субъектларга берилади. Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 23 февраль куни қабул қилинган ҳукумат қарори билан «Автотест»нинг бу борадаги монопол ҳуқуқи бекор қилинди.

Ҳужжатда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чораларга қарамасдан ҳали ҳануз бу борада ҳайдовчилар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашни натижадорлигини яхши эмаслиги қайд этилган.

Ҳайдовчиларни малакасини ошириш Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига оид стратегик чора-тадбирларининг бир қисми ҳисобланиши таъкидланган.

«Avtotest Report» МЧЖнинг автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича эришган ютуқлари, унинг замонавий ўқув-услубий технологиялардан фойдаланилаётганлиги ва имкониятларидан келиб чиқиб, ушбу қарор билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини малакасини ошириш унинг зиммасига юклатилган эди. Буни давлат-хусусий шерикчиликнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳолаш мумкин.

«Avtotest Report» МЧЖ тажрибаси, хусусий бизнес ташкилотлари ҳам бу борада сифатли хизматлар кўрсатиши мумкинлигини ва соҳани ривожлантириш учун навбатдаги қадамни қўйиш вақти келганлигини кўрсатди.

Ҳукумат томонидан киритилган таклифлар ва «Avtotest Report» МЧЖ тажрибаси инобатга олиниб, 23 февралдаги қарор билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини малакасини ошириш билан 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши белгиланди», дейилади хабарда.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳайдовчиларнинг етарли билим ва малакага эга бўлиши нафақат ўзлари учун балки барча фуқароларнинг хавфсизлиги учун ниҳоятда муҳим. Шу боис, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ йўналишлар бўйича нодавлат таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш учун қўшимча лицензия талаблари ҳамда шартлари ўрнатилди.

Бундан ташқари, қарор билан автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахсларга малака ошириш мажбурий эмаслиги белгилаб қўйилган.

Бундан аввалроқ автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича «Автотест»нинг монопол ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, февраль ойи бошида Олий Мажлис депутатлари ҳукуматга «Автотест» масаласи бўйича сўров киритиши маълум қилинганди.

Top