Канадалик спортчи ва унинг менежери Корея полицияси томонидан ҳибсга олинди. Улар Пёнгчангда автомобилни олиб қочишган ҳамда маст ҳолатда уни бошқариб юришган. Бу ҳақда CBC журналисти Сьюзен Ормистон твиттерда хабар берди.

Мухбирнинг таъкидлашича, ҳибсга олинганлар исм-фамилияси ошкор этилмаяпти. Спортчининг қонидаги алкоголь даражаси 0,16 фоизни ташкил этгани айтилмоқда.

Канадаликлар автотураргоҳда бўлган автомобилни олиб қочишган ҳамда унда Олимпия қишлоғига қараб ҳаракатланишган. Айни дамда уларнинг ҳар иккиси озод этилгани билдирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия қишки Олимпиадалардаги медаллар сони бўйича янги рекорд ўрнатгани маълум қилинганди.