Металл 3D-босма, сенсорли шаҳарлар ва углеродсиз табиий газ - MIT Technology Review журнали махсус мақола эълон қилди.

3D-босма аввалдан маълум технология, бироқ уни ҳозиргача фақатгина баъзи дизайнерлар камёб нусхаларни яратиш учун қўллаб келмоқда. Бундан ташқари, бундай босма пластикда қилинади – аввал унинг учун бошқа материаллар, жумладан металлни ҳам қўллаш қиммат бўлган. Ҳозир, нашрнинг таъкидлашича, металл босма анча арзон бўлди, у катта ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланилмоқда. Бу технология, муаллифларнинг фикрича, саноатни бутунлай ўзгартиради. Масалан, зарарланган автомобилга эҳтиёт қисмини ишлаб чиқариш учун фабрикаларга бир неча мураккаб станокларни ўрнатиш талаб этилмайди - 3D-принтернинг ўзи етарли бўлади.

Келажакда баъзи деталларни ишлаб чиқариш билан чекланувчи катта заводлар ўрнига янги маҳсулот турларини осонлик билан ишлаб чиқариши мумкин бўлган фабрикалар келади. 2017 йилда Markforged компанияси металл босма учун нархи 100 минг доллардан паст бўлган илк 3D-принтерни тақдим этди. General Electric эса йирик металл деталларни ишлаб чиқариши мумкин бўлган принтерни синовдан ўтказмоқда. Компания бундай принтерларни 2018 йилдаёқ ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин.

Сенсорли шаҳарлар

Alphabet ҳолдингиз бўлинмаси - Sidewalk Labs компанияси – Канада ҳукумати билан биргаликда Торонто шаҳрида Quayside «ақлли» шаҳри лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Шаҳар мавзеларида ўрнатилган сенсорлар атроф-муҳит ҳақида маълумотни йиғади – ҳаво сифати ва шовқин даражасидан то фуқаролар нима билан бандлигига қадар. Янги турдаги шаҳарларда барча транспорт автоматлаштирилган бўлади, улардан исталган одам фойдаланиши мумкин. Почтани етказиб бериш каби енгил вазифалар роботлар томонидан бажарилади. Sidewalk Labs бошқа дастурчиларга шаҳар тизимларига йўл очиб беришни режалаштирмоқда, бу улар ўз сервисларини ўша асосда ишга тушириши учун керак. Агарда Торонтодаги тажриба муваффақиятли бўлса, компания бошқа шаҳарларда ҳам шундай тизимларни жорий этади. Лойиҳани 2019 йилга қадар амалга ошириш мўлжалланган.

Барча учун сунъий идрок

«Сунъий идрок технологияларини асосан Amazon, Baidu, Google ва Microsoft каби йирик компаниялар ҳамда баъзи стартаплар қўллайди. Қолганлар учун бундай тизимларни татбиқ этиш жуда оғир ва қиммат бўлмоқда», - деб ёзади нашр. Бироқ булутда сунъий идрок технологиялари пайдо бўлиши билан улардан кўпроқ ишлаб чиқарувчилар фойдаланиши мумкин бўлади, деб ҳисоблайди MIT Technology Review. Бу соҳадаги ечимлар орасида - Amazon Web Services, Google Cloud ва Microsoft Azure’дан сунъий идрок тизимларини амалга ошириш учун воситалар. Ҳозирча сунъий идрок асосидаги тизимлар фақат технология саноатида қўлланилмоқда, бироқ яқин келажакда алгоритмлар тиббиёт, энергетика, саноат каби соҳаларда ҳам қўлланилиши мумкин.