Жаҳон | 07:43 / 07.03.2018
10713
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ким Чен Иннинг акаси ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолда Шимолий Кореяга санкция киритди 

Фото: AP

АҚШ давлат департаменти Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Нам кимёвий қурол қўлланган ҳолда ўлдирилгани сабабли Пхеньянга қарши санкциялар киритилишини эълон қилди. Бу ҳақда давлат департаментининг твиттердаги саҳифасида маълум қилинди. 

“22 февралда АҚШ Шимолий Корея кимёвий қуролни тақиқлаш ҳақидаги халқаро конвенцияни бузган ва Ким Чен Намни ўлдириш учун VX заҳарли моддаси қўллаган, деган хулосага келди. Янги чекловчи чоралар Пхеньяннинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари олдини олиш учун АҚШ аввалроқ киритган санкцияларни тўлдиради”, дейилган ҳужжатда.

“АҚШ қотилликни содир этиш учун кимёвий қурол қўллашни қатъиян тақиқлайди. Бу кимёвий қуролни қўллашга қарши қаратилган меъёрларга очиқчасига ҳурматсизлик бўлиб, яна бир бор Шимолий Кореянинг бемулоҳаза характердалигини кўрсатади ва Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуроли билан боғлиқ бирорта дастурига чидаб турмаслигимизни таъкидлайди”, дейилган баёнотда.

Ким Чен Нам 2017 йил 13 февралда Куала-Лумпур аэропортида ўлдирилган. Унинг терисида халқаро конвенция билан тақиқланган VX заҳари излари аниқланган.

Пхеньян ушбу қотилликка алоқаси йўқлигини ва айбловлар ортида Шимолий Кореянинг душманлари фитнаси туришини таъкидлаб келади.

Мавзуга оид