Ўтган 2017 йил бошида давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган юксак инсоний лойиҳалардан бири — меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга имтиёзли тарзда уй-жойларнинг берила бошланганидир. Ушбу хайрли иш бугун республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилмоқда. 

Айтиш керакки, бу каби хайрли иш кўнгли яримларга чексиз қувонч ва бахт ҳадя этиши билан аҳамиятлидир. Президент айнан халқни рози қилишдек улуғ ишни кўнгли ўксик опа-сингилларимиздан, ака-укаларимиздан бошлагани ҳам бежиз эмас. Боиси уларга улашилган қувонч олдимиздаги улкан режаларни амалга оширишда маёқ бўлса ажаб эмас. 

Ёдингизда бўлса, «Kun.uz» сайтида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож 82 нафар фуқарога бошланғич бадаллари тўлаб берилган уй-жой ва Президент совғалари топширилгани ҳақида қувончли хабар эълон қилинган эди. 

Афсуски, энди Андижон вилоятидан хунук бир хабар эшитдик. Хабарга ишонқирамасдан йўлга отландик ва йўл бўйи унинг ёлғон бўлиб чиқишини хоҳладик. Гап шундаки, Андижон вилояти Булоқбоши туманидан 6 нафар уй-жойга муҳтож, ногирон ва меҳнатга лаёқатсиз юртдошларимиз «Президент совғаси» сифатида кўп қаватли уй соҳиблари бўлганди. Бироқ тантанали тадбирда топширилган уйларнинг калити аслида бошқа бировларники бўлиб чиққан. Бу нима, кўзбўямачиликми? Ёки ногиронлар устидан кулишми? Мана шундай изтиробли хаёллар билан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманига етиб келдик. Даставвал тақдирланганлар рўйхатда бўлганлардан бири Патидинова Муҳаббат опа хонадонига бордик. 

Патидинова Муҳаббат опа

Гувоҳи бўлганингиздек, Муҳаббат онанинг бу рўйхатда туриши ҳақли, аммо унга уй эмас, унинг калити берилган, холос. Бу ҳолдан унинг оила аъзоларининг ҳам кўнгли чўккан.

Ижодий гуруҳимиз мазкур ҳолатга изоҳ олиш ниятида туман ҳокимлигига йўл олди. Таъкидлаш керакки, Булоқбоши туманига айни пайтда Ўткир Мамуров ҳокимлик қилмоқда. Биз тилга олган муаммо эса аввалги ҳоким — Дониёр Мақсудов даврида чиққан. Туман ҳокимлигида бизни ҳокимлик юристи Тоҳир Мамасиддиқов, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича муовини Фарҳод Норматов ҳамда туман ҳокими ёрдамчиси Зафар Торашев кутиб олишди.