Арипов Германиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистонда ишлашга таклиф қилди
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов йирик немис компанияларини республикада ўз бизнесини очишга чақирди.
Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Германия билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва Германия сармояларини жалб қилишдан манфаатдордир.
«Биз Германиянинг етакчи компанияларини ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қиламиз, улар бизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш имконини беради», - деди Арипов Тошкентдаги Ўзбекистон-Германия бизнес-форумида.
Ҳукумат, унинг билдиришича, мамлакатда ишлаш учун барча зарур шароитларни яратишга тайёр. «Хусусан, биз ҳозиргина Германия-Ўзбекистон кенгаши йиғилишида Тошкентда немис саноат зонасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилдик», - дея қўшимча қилиб ўтди у.
Бош вазирнинг умид қилишича, Ўзбекистонда бундай ягона саноат зонасининг пайдо бўлиши Германия сармояларини жалб қилишга ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беради.
Шунингдек, ҳукумат Германия билан Тошкентда биргаликда ташқи савдо палатасини ташкил этишни таклиф қилди.
«Германиялик ҳамкорларимизга Тошкентда немис-ўзбек ташқи савдо палатасини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз. Эҳтимол, у Германия-Ўзбекистон ишбилармон доиралари кенгаши ҳузурида бўлар», - деди Арипов Германия ишбилармонлари олдида чиқиш қилиб.
Германия Ўзбекистоннинг Европадаги энг йирик савдо шеригидир. 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Германия савдо ҳажми 613,2 миллион долларга етди. Жорий йилнинг биринчи чорагида товар айланмаси 30 фоиздан ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арипов Ўзбекистонни яқин 2 йил ичида катта ўзгаришлар кутаётгани ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024