Сел - катта миқдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши (85% ҳолатларда), тоғ қорларининг эриши (4% ҳолларида), тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши (1,3% ҳолларида) ва бошқа сабаблар (9,7% ҳолларда) юзага келиши мумкин, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ахборот хизмати.
Катта ҳажмга ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилиши мумкин. Бундай вазиятда одамлар ҳалок бўлиб, ҳайвонларни нобуд бўлиши ҳам кузатилади. Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлари сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республиканинг Наманган (19%), Фарғона (14%), Сурхондарё (13%), Тошкент (12%), Самарқанд (12%) ва Қашқадарё вилоятлари (12%) ҳудудлари сув тошқини-сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади. Сел оқими вужудга келиши апрел ва май ойларига тўғри келади, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп ёмғир ёғиши кузатилган.
Сел хавфи бўлганда аҳолининг ҳаракати бўйича тавсиялар

- Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак ва Ўзгидромет, ФВВ/ФВБ, ҳокимиятлар вакиллари томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига албатта амал қилиши лозим.
- Сел оқимининг ўтиши ва унинг оқибатлари катта моддий зарар келтириб, одамлар ҳаёт ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин (сел оқибатида одамларнинг қурбон бўлганлиги бир неча марта қайд қилинган).
- Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида хабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим.
- Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баландроқ мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин.
- Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.
Сел оқибатларини камайтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар
















